Тошкентда технологик дипломатия бўйича Осиё симпозиуми бўлиб ўтди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида технологик дипломатия бўйича Осиё симпозиуми бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Глобал технологик дипломатия институти ҳамкорлигида ташкил этилди, деб хабар беради вазирлик матбуот хизмати.
Унда Марказий Осиё ва Осиё-Тинч океани минтақаси давлатларининг давлат органлари, дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар, технологик ва ишбилармонлик доиралари, шунингдек, академик ҳамжамият вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида иштирокчилар 2025 йил 1 ноябрь куни ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида қабул қилинган Технологик дипломатия бўйича Самарқанд декларациясини амалиётга татбиқ этиш, рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва киберхавфсизлик соҳаларида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш ва мутахассислар тайёрлаш масалаларини муҳокама қилдилар.
Симпозиумда Озарбайжон, Афғонистон, БАА, Грузия, Индонезия, Қувайт, Покистон, Россия Федерацияси, Саудия Арабистони, Тожикистон, Фаластин, Япония, Уммон, Қатар, Ҳиндистон ва Қозоғистон элчилари ва дипломатик ваколатхоналари вакиллари иштирок этди.
Ишбилармонлик дастури якунида хорижий меҳмонлар учун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўйлаб экскурсия ташкил этилди.
Симпозиумнинг ўтказилиши Ўзбекистоннинг янги технологиялар масалалари бўйича халқаро мулоқотни ривожлантириш, минтақавий шерикликни мустаҳкамлаш ва замонавий ташқи сиёсатнинг муҳим йўналиши сифатида технологик дипломатияни илгари суришга содиқлигини яна бир бор тасдиқланди .
Азиза Алимова, ЎзА