“Ибратли аёл фермер” танлови ғолиблари тақдирланди
Навоий вилояти фермерлар кенгаши ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Навоий вилояти Кенгаши ҳамкорлигида фермер хўжаликларининг аёл раҳбарлари ўртасида “Ибратли аёл фермер” танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Тадбир аввалида фермерлар Кенгаши ҳамда агросаноат тармоғи касаба уюшмаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар, соҳадаги янги ислоҳотлар ва келгусидаги вазифалар хусусида фикр алмашдилар.

Танловда ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчиларнинг фермер хўжалигини самарали бошқариши, меҳнат фаолиятидаги ютуқлари ва ташаббускорлиги белгиланган мезонлар асосида баҳоланди.
Якунларга кўра, Хатирчи туманидаги “Шаҳбоз” фермер хўжалиги раҳбари Насиба Қозоқова 1-ўринга, Кармана туманидаги “Файз Давлат” фермер хўжалиги раҳбари Дилноз Очилова 2-ўринга, Навбаҳор туманидаги “Уч тут уч ўғлони” фермер хўжалиги раҳбари Зебо Ходжаева 3-ўринга муносиб деб топилди.

Танлов якунида Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Навоий вилояти тармоғи томонидан ғолиб ва иштирокчиларга диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири