Бухоро тоғ қўйини кўрганмисиз? (+видео)
Сурхондарё вилоятининг “Сурхон” давлат қўриқхонасидаги фотоқопқон Бухоро тоғ қўйини тасвирга олди.
Жуфт туёқлилар туркумига мансуб бу жониворнинг ташқи кўриниши эчкига ўхшаса-да, у соқолсизлиги, эркагида ҳид безининг йўқлиги ва уч қиррали бурама шохлари билан ажралиб туради. Асримизнинг бошида Бухоро тоғ қўйининг камайиб кетиши кузатилган. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига 1-тоифа (CR) мақоми билан киритилган. Шунингдек, IUCN қизил тоифа рўйхатига VU (заиф) мақомига эга.CITESнинг II иловасидан ҳам жой олган.
Бухоро тоғ қўйи ҳайвонот дунёсининг йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган, муҳофазага муҳтож ноёб тури ҳисобланади. У мамлакатимизнинг Кўҳитанг, Бойсунтоғ, Ҳисор ва Боботоғ тоғ тизмаларида, асосан денгиз сатҳидан 800–2 минг 500 метр баландликдаги тоғ даштлари ва сийрак арчазорларда учрайди.

Фотоқопқонларда муҳрланган ҳар бир тасвир ноёб ёввойи ҳайвонларнинг ҳолатини кузатиб, уларни илмий ўрганиш ва самарали муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири