Ибн Сино номидаги орден таъсис этилиши тиббиёт ходимлари учун маънавий рағбат бўлади
Президентимиз Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларига табрик йўллаб, унда “Янги Ўзбекистонга – янги ва замонавий тиббиёт” деган эзгу ғоя асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ҳамда соҳа вакилларининг фидойи меҳнатлари алоҳида эътироф этилди.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Тоҳир Полвонов ўз мулоҳаза ва муносабатини билдирди:
— Давлатимиз раҳбарининг Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларига йўллаган самимий табригида инсон саломатлигини асрашдек энг олижаноб ва масъулиятли вазифани зиммасига олган минг-минглаб фидойи инсонларга бўлган юксак ҳурмат ва эътибор, уларнинг машаққатли меҳнатига билдирилган чуқур эҳтиром мужассам.

Айниқса, инсон ҳаёти ва саломатлиги ҳар қандай бойликдан устун эканини англаган ҳолда, ўз касбига садоқат билан хизмат қилаётган мутахассисларга давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган бундай эътибор ҳар бир соҳа вакили учун катта қувонч, маънавий мадад ва янги масъулият бағишлайди. Айни шу нуқтаи назардан, тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатини муносиб қадрлаш, уларнинг касбий байрами мақоми ва мазмунини янада юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар алоҳида аҳамият касб этади.
Табрикда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилаётган натижаларга алоҳида эътибор қаратилгани ҳам бежиз эмас. Сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, тиббий хизматни аҳолига янада яқинлаштириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами имкониятларини кенгайтириш, ихтисослаштирилган тиббий хизматларни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда, замонавий диагностика ва даволаш технологиялари жорий этилмоқда, тиббий хизмат кўрсатиш жараёнлари босқичма-босқич рақамлаштирилмоқда.
Бундай ислоҳотларнинг асосий мақсади ҳар бир фуқарога яшаш жойидан қатъи назар, сифатли ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини яратишдир. Бу эса нафақат замонавий инфратузилма ва илғор технологияларни, балки билимли, тажрибали, ўз касбига садоқатли мутахассисларни ҳам талаб этади. Шу боис, тиббиёт таълимини такомиллаштириш, ёш кадрларни тайёрлаш, шифокорларнинг малакасини ошириш, илмий изланишларни қўллаб-қувватлаш ва соҳага замонавий билимларни кенг жорий этиш муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Президентимиз табригида тиббиёт соҳасида юксак натижаларга эришган, ўз касбига садоқат ва фидойилик билан хизмат қилиб келаётган мутахассисларни рағбатлантириш масаласига ҳам алоҳида урғу берилгани эътиборга молик. Хусусан, буюк аллома, тиббиёт илмининг асосчиларидан бири Абу Али ибн Сино номидаги орденни таъсис этиш таклифининг илгари сурилиши соҳа вакиллари учун катта маънавий рағбат бўлади.
Абу Али ибн Сино номи нафақат халқимиз, балки бутун инсоният тарихида тиббиёт илми, илм-фан ва маърифат рамзи сифатида алоҳида ўрин тутади. Ушбу улуғ аллома номи билан аталадиган орденни таъсис этиш таклифи тиббиёт ва фармацевтика соҳасида алоҳида хизмат кўрсатган, инсон саломатлиги йўлида кўп йиллик самарали меҳнат қилган мутахассисларни муносиб эътироф этишга қаратилган муҳим ташаббусдир.
Бундай юксак эътироф, айниқса, чекка ҳудудлар, олис қишлоқларда, оғир ва мураккаб шароитларда фаолият юритаётган шифокорлар, ҳамширалар ва бошқа тиббиёт ходимлари учун ҳам катта маънавий куч бағишлайди. Чунки уларнинг меҳнати кўп ҳолларда кўзга ташланмаслиги мумкин, аммо унинг натижаси инсон ҳаёти, оила бахти ва жамият саломатлигида намоён бўлади.
Фармацевтика соҳасини ривожлантириш ҳам бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир. Аҳолини сифатли, хавфсиз ва самарали дори воситалари билан таъминлаш, маҳаллий фармацевтика саноатини қўллаб-қувватлаш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, соҳада илмий тадқиқотларни ривожлантириш аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода фармацевтика ходимларининг меҳнати тиббиёт соҳаси вакиллари билан бир қаторда эътироф этилаётгани айни муддао.
Бундай эътибор ва рағбат соҳа ходимларини янада масъулият билан меҳнат қилиш, ўз билим ва тажрибасини ошириш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишга ундайди. Шу билан бирга, бу эътироф зиммамизга соҳа олдида турган вазифаларни янада самарали ҳал этиш, тиббий хизмат сифатини ошириш ва инсон саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги ишларимизни изчил давом эттириш масъулиятини ҳам юклайди.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА