Электротехника саноатини технологик жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш вазифалари белгиланди
Президент Шавкат Мирзиёев 9 ноябрь куни электротехника саноатида фаолият юритаётган тадбиркорлар ва хорижлик инвесторлар билан мулоқот ўтказди.
Тадбирда соҳада эришилган натижалар сарҳисоб қилиниб, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги технологияларни ўзлаштириш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар тайёрлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.

Қайд этилганидек, сўнгги ўн йилда мамлакатимиз электротехника саноатида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Тармоққа 2 миллиард доллар инвестиция киритилиб, 413 та янги ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилди. Маиший техника, қуёш панеллари, электрон ҳисоблагичлар, юқори кучланишли трансформаторлар каби 100 дан ортиқ турдаги янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Натижада жорий йилда электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 50 триллион сўмга етди. Ваҳоланки, 2016 йилда мазкур кўрсаткич 1,7 триллион сўмни ташкил этган. Тармоққа жалб қилинган йиллик инвестициялар 600 миллион долларга, экспорт ҳажми эса 1 миллиард 600 миллион долларга етказилди. Ўтган даврда экспорт 14 баробар ошди.
Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари мавжуд салоҳият ва имкониятлардан ҳали тўлиқ фойдаланилмаётганини таъкидлади.

Юртимизда қуёш ва шамол электр станциялари, энергия сақлаш қувватлари, йирик саноат ва инфратузилма объектлари барпо этилмоқда. Келгуси ўн йилда хорижлик ҳамкорлар билан иқтисодиётнинг турли тармоқларида 450 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш мақсад қилинган. Буларнинг барчаси электротехника маҳсулотлари учун катта ва узоқ муддатли бозорни шакллантирмоқда.

Президентимиз тармоқ олдидаги навбатдаги асосий вазифа ишлаб чиқариш қувватларини кўпайтириш билан чекланмасдан, катта технологик сакрашни амалга оширишдан иборат эканини кўрсатиб ўтди.
Масалан, 2030 йилгача мамлакатимизда энергия сақлаш қувватларини 4,5 гигаваттга етказиш режалаштирилган. Хорижлик ҳамкорлар ушбу лойиҳаларда маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланишга тайёр. Бироқ айрим зарур ускуналар ҳозирча ўзимизда ишлаб чиқарилмаяпти.
Шунингдек, видеокузатув ускуналарига ички бозордаги йиллик талаб 200 миллион долларга етади, қўшни мамлакатлар бозорини ҳисобга олганда эса 600 миллион доллардан ошади. Банкоматларга ҳам эҳтиёж юқори. Ўтган йилнинг ўзида юртимизга 50 миллион доллардан ортиқ қийматдаги 9 мингта банкомат импорт қилинган.

Шу боис, ушбу йўналишларда маҳаллий ишлаб чиқаришни ташкил этиш, янги технологиялар ва инвесторларни жалб қилиш вазифалари белгиланди.
Ҳудудлар кесимида ҳам юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича катта имкониятлар мавжудлиги таъкидланди. Жумладан, Тошкент вилоятида энергия батареялари ва электроника учун юпқа мис фольгаси, Жиззахда электромобиллар учун инверторлар ва зарядлаш қурилмалари, Наманганда энергия тежамкор электр двигателлари, Қорақалпоғистонда серверлар учун узлуксиз электр таъминоти ва совитиш тизимларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Андижонда офис техникалари ва тайёр кабель тўпламлари, Тошкент шаҳрида серверлар, интерактив панеллар ва сенсорли датчиклар, Қашқадарёда телевизорлар учун электрон платалар ишлаб чиқариш имкониятларидан фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари бундай лойиҳалар ҳисобига ички бозор талабини қондириш билан бирга электротехника маҳсулотларининг экспортини 5 миллиард долларга етказиш имконияти мавжудлигини таъкидлади.

Бу борада тармоқни ривожлантиришнинг янги йўналишлари белгиланди.
Кейинги уч йилда электротехника ва унга боғлиқ саноат тармоқларида умумий қиймати 11 миллиард 600 миллион долларлик 164 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.
Улар энергетика инфратузилмаси, кабель, трансформатор ва насослар ишлаб чиқариш, саноат робототехникаси ва ускунасозлик, транспорт ва электромобиллар учун электротехника, электрон компонентлар ва микроэлектроника ҳамда маиший техника каби олтита асосий йўналишни қамраб олади.
Ҳар бир йўналишга масъул раҳбарлар ва асосий буюртмачилар бириктирилиб, таянч инвесторларни жалб қилиш, илмий марказлар ҳамда техника олийгоҳлари билан ҳамкорликни кучайтириш вазифаси қўйилди.
Юқори технологик саноатни ривожлантириш мақсадида Нурафшон шаҳрида “Келажак технологиялари маркази” ташкил этилади.
Ушбу марказда фаолият юритувчи корхоналарга IT-парк резидентлари билан бир хил имтиёзлар берилади. Роботлар, электроника ва технологик ускуналар ишлаб чиқариш учун зарур хомашё ҳамда бутловчи қисмлар импорт божидан озод этилади. Мазкур йўналишдаги илмий ишланмалардан олинган даромадга солиқ солинмайди.
Илмий тадқиқотлар ва саноат ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш учун “Янги саноат” миллий платформаси ишлаб чиқилади. Шунингдек, ҳар бир ҳудудда тадқиқот ва ишланмалар маркази ёки технопарк негизида янги маҳсулотларни синовдан ўтказиш майдончалари ташкил этилади. Улар йирик саноат корхоналари билан кичик тадбиркорлар ўртасидаги кооперацияни кенгайтиришга хизмат қилади.
Мутасаддиларга робототехникани ривожлантириш бўйича қарор лойиҳасини ҳамда ускунасозлик ва электроника тармоқларини қўллаб-қувватлаш комплекс дастурини тайёрлаш топширилди.
Мулоқотда саноатни технологик ривожлантиришнинг муҳим шарти бўлган муҳандислик таълими ва малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳозирда техника олийгоҳларининг 20 нафар талаба ва тадқиқотчиси Кореядаги электроника корхоналарида таҳсил олмоқда. Яқин вақтда уларнинг сони 100 нафарга етказилади.
Келгуси йилдан “1 минг муҳандис-конструктор” дастури бошланади. Унинг доирасида маҳаллий мутахассислар Корея, Япония, Хитой, Туркия ва Европа мамлакатларига малака ошириш учун юборилади. Нуфузли хорижий компанияларда ишлаётган юқори малакали ватандошларимизни мамлакатимизга жалб қилиш учун муносиб меҳнат ва иш ҳақи шароитлари яратилади.
Тадбирда соҳа корхоналарининг молиявий имкониятларини кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, қатор маҳаллий электротехника корхоналари ўз лойиҳалари учун Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан 80 миллион доллар жалб қилган. Банк саноат корхоналарига яна 2-3 миллиард доллар ресурс ажратишга тайёрлигини билдирмоқда.
Ушбу имкониятдан кенг фойдаланиш мақсадида корхоналарни халқаро молия бозорлари билан ишлашга тайёрлаш, уларнинг фаолиятини баҳолаш ва халқаро консультантларни жалб этиш харажатларини қоплаш бўйича янги қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди. Хусусан, ҳар бир корхонага 50 минг долларгача компенсация ажратилади.
Давлат харидлари тизимида ҳам маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун қўшимча имкониятлар яратилади.
Бугунги кунда давлат харидлари доирасида ҳар йили 10 триллион сўмлик электротехника маҳсулотлари сотиб олинмоқда. Тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида давлат буюртмаларини ягона платформада акс эттириш тизими жорий қилинди. Энди 1 январдан давлат харидларининг уч йиллик режалари олдиндан эълон қилиб борилади.
Шу билан бирга, давлат харидларида маҳсулотни фақат энг арзон нарх асосида танлаш амалиётидан воз кечиб, унинг бутун хизмат муддати давомидаги харажатларни ҳисобга олиш тизими жорий этилади. Бунда маҳсулотнинг харид нархи билан бир қаторда энергия сарфи, таъмирлаш, сервис ва фойдаланиш харажатлари ҳам баҳоланади.
Энергетика объектларини қуришда маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш мақсадида “Шаффоф қурилиш” платформасида мазкур соҳа лойиҳалари учун алоҳида майдонча ташкил этилади, пудратчиларга қўйиладиган талаблар лойиҳаларнинг технологик хусусиятларига мослаштирилади.
Ички бозорда маҳаллий электротехника маҳсулотларига талабни рағбатлантириш бўйича ҳам янги механизмлар белгиланди.
Энергетика соҳасидаги хусусий шериклик лойиҳаларида маҳаллий маҳсулотлар улуши камида 25 фоиз, кабель маҳсулотлари бўйича эса 70 фоиз бўлиши талаби амал қилмоқда. Эндиликда алоҳида солиқ ва бошқа имтиёзлардан фойдаланаётган ёки давлатдан арзон ресурс олаётган, қиймати 10 миллион доллардан юқори инвестиция лойиҳаларига ҳам ушбу талаблар татбиқ этилади.
Аҳоли учун қулайлик яратиш ва маҳаллий маиший техника савдосини рағбатлантириш мақсадида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган музлаткич, кир ювиш машинаси, кондиционер ва бошқа маиший техникалар хариди учун йиллик 18 фоиз ставкада истеъмол кредитлари ажратиш тизими йўлга қўйилади.
Давлатимиз раҳбари мулоқот давомида хорижлик инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорларнинг электротехника саноатини янада ривожлантиришга қаратилган таклиф ва ташаббусларини тинглади.