Хуш кайфият — энг яхши дармон
ФОТОРЕПОРТАЖ
Инсон кайфияти кўтарилганда, кулганда, хурсандчиликларда қон таркибида “эндорфин” гормони кўпаяди. Бахт гормонининг шифобахш таъсири шундаки, организмдаги қонни суюлтиради, инфекцияга қарши курашади. Ҳаётдан норози, стрессларга тушган, доим нолиб юрадиган одам эса турли хасталикларга рўбарў келиши илмий исботланган.
Наврўз байрами арафасида Фарғона вилояти фтизиатрия ва пульмонология марказида беморларга яхши кайфият ва руҳан тетиклик бахш этиш мақсадида USAIDнинг «Туберкулёздан холи Ўзбекистон» лойиҳаси доирасида тадбир бўлиб ўтди. Кўнгилочар дастур асосида ўтган тантанада шифохона ходимлари ва беморлар, лойиҳа мутахассислари қатнашдилар.
[gallery-16495]
- Ҳар бир бемор тезроқ тузалиб кетишни хоҳлайди. “Сиз тушкун юрсангиз, тез тузалмайсиз”, деб беморларга уқтирамиз, - дейди Фарғона вилояти фтизиатрия ва пульмонология маркази бошлиғи ўринбосари Сардор Содиқхўжаев. - Бемор қанча кучли дори-дармонларни қабул қилмасин, руҳиятида кўтаринкилик бўлмаса, муолажалар фойда бермай, кўрилган даво чоралари таъсири 50 фоизга қисқариб кетади.
Тадбир давомида санъаткорларнинг куй-қўшиқлари гўзал рақсларга уланди, бадиий чиқишлар намойиш этилди, спорт мусобақалари, танловлар ўтказилди. Барчанинг кўнглига қувонч, кўтаринкилик инди.
Дастур якунида иштирокчиларга эсдалик совғалари топширилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА