Ҳуқуқий хизматлар сони ошган
Хоразм вилоят адлия бошқармаси томонидан Урганч шаҳар адлия бўлимида матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбир иштирокчилари Урганч шаҳар давлат хизматлари марказида тезкор, қулай ва шаффоф давлат хизматлари кўрсатиш, жисмоний имконияти чекланган шахслар учун яратилган шарт-шароитлар билан таништирилди. Хусусан, адлия биносига киришда пандус йўлакчаси, масъул ходимни чақириш тугмачаси, бино ичкарисида кўзи ожиз шахслар ҳаракатланиши учун йўлакчалар мавжуд.
Тадбирнинг иккинчи қисмида “Очиқ адлия” дастури доирасида кенг жамоатчиликка вилоят адлия бошқармаси ва унинг тизимидаги идоралар томонидан ўтган йил давомида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Ўтган 2024 йил давомида 157 та қарор лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, уларнинг 98 тасига расмий розилик берилган. Беш юз саксон бешта ўрганиш натижасида 81 мингдан ортиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Шунингдек, 11 минг 789 та мурожаатнинг 9 минг 271 таси қаноатлантирилган. Бу кўрсаткич олдинги ҳисобот даврига нисбатан 23 фоизга ошган.
Тадбир давомида вилоятда аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот тадбирлари олдинги йилга нисбатан 32 фоизга ошганлиги эътироф этилди.
Жумладан, бугунги кунда Адлия органлари томонидан ўтказилиб келинаётган “Ҳуқуқий маҳалла”, “Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди”, “Хотин-қизларга ҳуқуқий кўмак” ҳуқуқий акция ва лойиҳалари юзасидан ҳам батафсил маълумотлар берилди.
[gallery-22554]
Давлат хизматлари марказлари томонидан бир йилда 766 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган. Бу эса хизматлар сони 10 фоизга ошганлигини кўрсатади.
Тадбир сўнггида штирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари