Ҳуқуқий медиа марказ иш бошлади
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси томонидан фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва давлат билан жамият ўртасидаги ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида янги медиа марказ фаолияти йўлга қўйилди.
Медиа марказ фуқароларга ҳуқуқий ахборотни аниқ, тушунарли ва ишончли тарзда етказиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳақида содда ва халқчил тилда тушунтириш имконини беради.
Замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган медиа марказда интерфаол учрашувлар, брифинглар ва турли форматдаги видеодастурлар суратга олинади.

– Бу нафақат қонунлар, балки уларнинг мазмуни, ҳуқуқий тартиблар ва ҳужжатлар билан боғлиқ барча саволларга жавоб топишни таъминлайди, – дейди Адлия бошқармаси ҳуқуқий ахборот шуъбаси бош маслаҳатчиси Дилноза Умурзоқова. — Қолаверса, жамиятда ҳуқуқий маданиятни ривожлантиришга, ҳуқуқий хатоларни камайтиришга ёрдам беради.

Марказ мутахассислари маҳаллий теле ва радиоканаллар, интернет сайтлари, газета ва журналлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўяди. Бу, ўз навбатида, аниқ ва ишончли ахборотни тезкор етказишни таъминлайди.

Медиа марказнинг ишга туширилиши аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, янги қонунлар ва ҳуқуқий тушунчаларга бўлган муносабатини ўзгартиш ҳамда умумий ҳуқуқий муаммоларни ҳал этишда муҳим роль ўйнайди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири