Ҳуқуқий мавзудаги учта китоб нашрдан чиқди
Судьялар олий мактаби томонидан “Фуқаролик ҳуқуқий фанлар бўйича тестлар”, “Шахсий ҳуқуқлар: миллий қонунчилик ва халқаро стандартлар” ҳамда “Фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш” номли амалий қўлланмалар яратилди.
Тадбирда ҳуқуқий адабиётларга бўлган эҳтиёж, уларни нашр этиш ва кенг жамоатчиликка етказиш долзарб вазифалардан бирига айлангани қайд этилди.
Судьялар олий мактабининг “Фуқаролик ҳуқуқи” кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан тайёрланган мазкур қўлланмалар ҳуқуқий адабиётларга бўлган эҳтиёжни маълум даражада қондириш билан бирга, жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Хусусан, қўлланмаларда Конституциянинг инсон шаъни, қадр-қиммати ва ҳуқуқларига оид нормаларга кенг шарҳ берилган, шунингдек, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга доир низолар судларда кўриб чиқилишининг ҳуқуқий асослари ҳам тадқиқ қилинадики, бу одил судловни амалга оширишда ўзига хос манба вазифасини ўтайди.

Қўлланмаларда шахсий дахлсизлик ҳуқуқи, айбсизлик презумпцияси, малакали юридик ёрдам олиш, турар ва яшаш жойини танлаш, сўз ва эътиқод эркинлигига доир қонун ҳужжатлари таҳлилий ёритиб берилган.
Бундан ташқари, фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилиш ва фуқаролик судларида ишларни кўриш тартибига оид қонунлар, Олий суд пленумининг қарорлари ва бошқа норматив ҳужжатлар тушунарли услубда баён қилинган.
Қўлланмалар нафақат юридик олий таълим муассасалари ва факультетлари талабалари, тадқиқотчилар, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, балки фуқаролик ҳуқуқи йўналишида ўз билим ва кўникмаларини ошириш истагида бўлган кенг омма учун ҳам фойдали манба бўлиб хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА