Ҳуқуқий давлатчилик ва халқаро ҳамкорликнинг янги босқичи
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча Беларусь Республикасига амалга оширган расмий ташрифи нафақат икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, балки халқаро ҳуқуқ нормалари ва давлатлараро ҳамкорликнинг замонавий тамойилларини амалда рўёбга чиқариш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Бу ташриф давлатларнинг ички ишларга аралашмаслик, ўзаро ҳурмат, манфаатлар мувозанати ва халқаро шартномаларга содиқлик каби фундаментал ҳуқуқий принципларнинг амалий ифодаси сифатида баҳоланмоқда.
Шу маънода, олий даражадаги учрашувлар натижасида эришилаётган келишувлар икки мамлакатнинг стратегик ҳамкорлигини янада ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратади.
Мамлакатимиз очиқлик, ўзаро ишонч ва прагматизм тамойилларига асосланган ташқи сиёсатни изчил амалга ошириб келмоқда. Бу эса, юртимизнинг халқаро майдондаги эътиборини янада юксалтириш, ишончли ҳамкор сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Беларусь Республикаси билан муносабатларнинг янги босқичга кўтарилиши, биринчи навбатда, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги, транспорт-логистика, таълим, илм-фан, рақамли технологиялар ва инновациялар соҳасида ҳамкорликни кучайтириш учун янги имкониятлар очади. Бу соҳаларда имзоланадиган ҳар бир ҳужжат ва келишув давлатлар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Мамлакатимиз раҳбарининг Беларусга ташрифи гуманитар дипломатия нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамият касб этади. Таълим, илм-фан, маданият ва ёшлар сиёсати соҳасидаги ҳамкорлик халқлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлайди.
Айниқса, юридик таълим, ҳуқуқий тадқиқотлар ва кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш икки давлат ҳуқуқий тизимлари ўртасида тажриба алмашиш имкониятларини янада бойитади.
Қолаверса, бугунги кунда халқаро муносабатларда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, терроризм, экстремизм, трансмиллий жиноятчилик, кибержиноятчилик ва бошқа замонавий таҳдидларга қарши курашиш давлатларнинг яқин ҳамкорлигини тақозо этмоқда.
Мазкур йўналишларда ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш ва ваколатли органлар ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мазкур ташрифнинг муҳим амалий натижаларидан бири бўлиши шубҳасиз.
Ҳуқуқий давлат қуриш йўлида қатъий одимлаётган Янги Ўзбекистон учун ташқи сиёсатдаги ҳар бир муҳим ташриф мамлакатимиз миллий манфаатларини таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, халқаро ҳуқуқнинг принципларига содиқликни намоён этиш ва халқимиз фаровонлигига хизмат қилувчи янги имкониятларни яратишга қаратилган.
Бугун Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати – тинчлик, барқарорлик, ҳуқуқий ҳамкорлик ва ўзаро манфаатли тараққиёт сиёсати эканини бутун жаҳон ҳамжамияти яна бир бор эътироф этмоқда. Бу эса, мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва келажак авлодлар манфаатлари учун хизмат қиладиган муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
Иброҳим Отамирзаев,
Наманган давлат университети жиноят процессуал ҳуқуқи кафедраси мудири, юридик фанлари доктори.
ЎзА.