Қабул: Фуқаролар муаммоларига ечим топилди
Пойтахтимизда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан маданият, туризм ва маданий мерос соҳалари бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўрганиш юзасидан сайёр қабул ўтказилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 1 апрелдаги "Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони ижросини таъминлаш ҳамда фуқаролар билан очиқ мулоқотни янада кучайтириш мақсадида ташкил этилган тадбирда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари А.Шавкатов томонидан мурожаатчилар муаммолари тингланди.

Қабул давомида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан мазкур соҳаларни ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, маданий ва туризм инфратузилмасини такомиллаштириш, хизматлар сифатини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда бошқа долзарб масалалар юзасидан мурожаатлар ва таклифлар билдирилди.

Ҳар бир мурожаат батафсил ўрганилиб, уларнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тегишли масъулларга аниқ топшириқлар берилди. Қўшимча ўрганишни талаб этадиган масалалар ижро назоратига олиниб, уларнинг қонуний ва ўз вақтида ҳал этилишини таъминлаш юзасидан зарур чоралар белгиланди.
Қайд этилганидек, фуқаролар билан очиқ ва самарали мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг мурожаатларига тезкор ва адолатли ечим топиш, шунингдек, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА