Ҳуқуқбузарлик содир этилишининг психологик омиллари
Жамиятда ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш фақат ҳуқуқий чоралар билан чекланмайди. Бу жараён, аввало, инсон шахси, унинг ички кечинмалари, хулқ-атвори, қадриятлари ва ижтимоий муҳит билан муносабатини чуқур ўрганишни талаб этади.
Зеро, ҳуқуқбузарлик нафақат ташқи ижтимоий-иқтисодий омиллар, балки шахснинг психологик ҳолати, эмоционал барқарорлиги, ўзини назорат қилиш қобилияти ва ҳуқуқий онги билан ҳам бевосита боғлиқ.
Ҳуқуқбузарликка мойиллик, одатда, шахсдаги ғайриижтимоий хулқ-атвор, қонун ва ахлоқий меъёрларга нисбатан салбий муносабат ҳамда ички назорат механизмларининг заифлашуви орқали намоён бўлади. Айрим ҳолларда тез асабийлашиш, кескин таъсирчанлик, рашк, қасд олишга мойиллик, бефарқлик ёки ижтимоий масъулият ҳиссининг пастлиги каби омиллар ҳуқуқбузарликка туртки бўлиши мумкин.
Шу нуқтаи назардан, мазкур масалани ўрганиш фақат содир этилган қилмиш сабабларини таҳлил қилиш билан чекланмайди. Бу, аввало, шахс хулқидаги салбий оғишларни ўз вақтида аниқлаш, профилактик чораларни тўғри белгилаш ва ижтимоий мослашувни таъминлаш орқали ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Мутахассислар таъкидлашича, ҳуқуқбузарликлар кўп ҳолларда шахсдаги ғайриижтимоий хулқ-атвор, қонун ва ахлоқий меъёрларга нисбатан салбий муносабат ҳамда ўзини назорат қилиш қобилиятининг заифлиги билан боғлиқ. Тез асабийлашиш, кескин қарор қабул қилиш, рашк, қасд олишга мойиллик ёки ижтимоий масъулият ҳиссининг пастлиги каби омиллар ҳуқуқбузарликка туртки бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, стресс ҳолати ҳам муҳим психологик омиллардан бири ҳисобланади. Турли босимлар, низоли вазиятлар ёки иқтисодий қийинчиликлар инсонда асабийлик ва импульсивликни кучайтириб, унинг ўзини назорат қилиш қобилиятига салбий таъсир кўрсатади. Бу эса айрим ҳолларда ҳуқуққа зид хатти-ҳаракатларга олиб келиши мумкин.
Таҳлилларга кўра, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахсларни шартли равишда бир нечта тоифага ажратиш мумкин. Биринчи тоифадаги шахсларда агрессия, ҳиссий беқарорлик ва ижтимоий меъёрларга нисбатан беписанд муносабат устунлик қилади. Бундай ҳолатлар кўпинча ўсмирлик давридаги тарбия ва оилавий муҳит билан боғлиқ бўлади.
Иккинчи тоифадаги шахсларда эса эмоционал беқарорлик, ташқи таъсирларга тез берилувчанлик ва ҳуқуқий онгнинг етарли шаклланмаганлиги кузатилади. Темперамент хусусиятлари ҳам бу жараёнга таъсир кўрсатади. Айрим инсонларда импульсивлик кучли бўлса, бошқаларида ички хавотир ва руҳий босим устун бўлиши мумкин.
Учинчи тоифадаги шахсларда ҳуқуқбузарлик, одатда, муайян вазият таъсирида содир этилади. Масалан, руҳий зўриқиш, иқтисодий қийинчилик ёки ташқи босим бундай ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин.
Шунингдек, ноқулай оилавий муҳит, салбий ижтимоий гуруҳлар таъсири, тез бойишга интилиш каби омиллар ҳам ҳуқуқбузарлик хавфини оширади. Айниқса, ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож шахсларда ва жазони ўтаб чиққанларда психологик барқарорлик муаммолари сақланиб қолиши мумкин.
Мутахассислар фикрича, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда шахснинг психологик хусусиятларини инобатга олган ҳолда иш олиб бориш муҳим. Индивидуал ёндашув, профилактик чора-тадбирлар ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш бу борада самарали натижа беради.
Дилноза БАРЛИБАЕВА,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Қонунчиликни таҳлил қилиш
ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш институти бош маслаҳатчиси