Ҳунармандларимиз ишлари хорижликлар эътиборини тортмоқда
Хитойнинг Сиань шаҳрида Ўзбекистон хотин-қизлари форуми доирасида тадбиркор хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси бўлиб ўтди.
Форум Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инвестиция ва саноат кооперациясини кенгайтириш, хотин-қизлар тадбиркорлиги юзасидан янги экспорт йўналишлари очиш ҳамда икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида бевосита ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида ташкил этилди.

Мазкур нуфузли тадбир доирасида "Кафтимизда буюк ипак йўли" мавзусида кўргазма ташкил этилди.
Унда нуроталик тадбиркор-ҳунарманд, “Сўзани Заррина” бренди асосчиси Зарина Ҳамидова миллий каштачилик маҳсулотлари билан хорижлик ҳамкорлар эътиборини қозонди.

Нурота туманида фаолият юритаётган тадбиркор томонидан бугунги кунда 400 нафардан ортиқ хотин-қиз касаначилик асосида иш билан таъминланган. Уй шароитида тайёрланаётган миллий кашта матолари қайта ишланиб, замонавий ва харидоргир тайёр маҳсулотларга айлантирилмоқда. Жумладан, аёллар яктаги, сумка, костюм ҳамда бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Форум доирасида хитойлик инвесторлар билан маҳсулотларни сотиш бўйича 2 та меморандум имзоланди.

Мутахассисларнинг қайд этишича, мазкур ҳамкорлик миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ҳамда маҳаллий маҳсулотларни халқаро бозорга олиб чиқишда муҳим қадам бўлди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА