“Ҳунарманд” уюшмаси делегацияси амалий ташриф билан Бурсага борди
Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси раиси бошчилигидаги делегациянинг Туркияга амалий ташрифи доирасида Бурса шаҳри маданият бошқармаси раҳбари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида маданият, миллий ҳунармандчилик ва анъанавий касбларни ривожлантириш борасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш, миллий ҳунармандчилик анъаналарини асраб-авайлаш, усталар ўртасида тажриба алмашиш ҳамда халқаро тадбирларда ўзаро иштирокни кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон ва Туркия халқларини тарихий ва маданий муштаракликлар бирлаштириб туради. Бундай учрашувлар эса ушбу яқин алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ҳунармандчилик соҳасида янги лойиҳалар ва ҳамкорликларга йўл очишга хизмат қилади.
Шунингдек, амалий ташриф доирасида делегация аъзолари ипак қуртидан ип олиш, ипак ипини тайёрлаш ва эшиш жараёнлари, шунингдек, ушбу қадимий ҳунарнинг авлоддан авлодга ўтиб келаётган технологиялари билан яқиндан танишдилар.

Бурса — асрлар давомида ипакчилик ва тўқимачилик анъаналари шаклланган, бугунги кунгача миллий ҳунармандчилик сирлари асраб келинаётган масканлардан бири.
Ипак — бу шунчаки тола эмас. Унинг ҳар бир ипида меҳнат, сабр, тажриба ва асрлар давомида шаклланган ҳунар мактаби мужассам. Ўзбекистон ва Туркия халқларини бирлаштириб турган тарихий Ипак йўли бугун янги мазмун билан давом этмоқда.
Ҳунармандлар ўртасидаги тажриба алмашинуви эса анъанавий ҳунарларни асраш, ривожлантириш ва уларни замонавий авлодга етказишда муҳим аҳамият касб этади. Бурсадаги учрашувлар ипакчилик соҳасида янги тажриба, янги алоқалар ва янги ҳамкорликлар сари яна бир қадам бўлди.
Г. Бобоева, ЎзА