Ҳукуматнинг ваколатлари янада такомиллаштирилмоқда
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар бир қатор қонун лойиҳаларини муҳокама қилди. Жумладан, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
— Мазкур Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги қонунга янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияда белгиланган нормалардан келиб чиқиб тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда, — деди Вазирлар Маҳкамаси Бош вазир котибияти Ахборот-таҳлил ва юридик таъминлаш департаменти раҳбари Мирзоҳид Якубов. — Маълумки, юртимизда кенг кўламли маъмурий ислоҳотлар амалга оширилиб, кўпгина вазирлик ва идоралар қисқартирилди, айримлари бирлаштирилди ёки янгидан ташкил этилди. Эндиликда мазкур ўзгаришларнинг барчаси ушбу қонунда ўз аксини топмоқда.
Ҳукуматнинг иқтисодиёт, бюджет, молия ва солиқ, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда ижтимоий соҳалардаги ваколатлари янада такомиллаштирилмоқда. Вазирлар Маҳкамаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экологик хавфсизликни таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини мувофиқлаштириши, табиий ресурслар, хусусан, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захираларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни тартибга солиш бўйича фаолиятни ташкил этиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, лойиҳа билан атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш, Оролбўйи минтақасининг экологик мувозанатини таъминлаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўриш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини янада самарали ташкил этиш Ҳукуматнинг асосий вазифаларидан этиб белгиланмоқда.
Муҳокамаларда депутатлар қонун лойиҳасида назарда тутилган айрим жиҳатларга тўхталиб, уни такомиллаштириш юзасидан таклифлар билдирди. Жумладан, қонун доимий ҳужжат эканини инобатга олиб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси, “Ўзбекистон — 2030” стратегияси кабиларни умумий кўринишда номлаш зарурлигини билдирди.
Шунингдек, лойиҳа Ўзбекистон Экологик партиясининг дастурий вазифаларида кўзда тутилган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатдан оқилона фойдаланиш ва қулай яшаш шароити яратиш, экологик муаммоларни яхлит ҳолда ҳал этишга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш каби устувор йўналишларга тўла мос экани қайд этилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА