Ҳудудларда дзюдо спорт турини ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди
Ўзбекистон дзюдо федерацияси томонидан ҳудудий бўлимларнинг масъуллари иштирокида ZOOM платформаси орқали "Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари" мусобақаларининг якуний босқичи – "Президент Олимпиадаси"га тайёргарлик жараёни, йил сўнггига қадар юртимизда ўтказиладиган ўсмирлар ва катталар ўртасидаги мамлакат чемпионати ва бошқа мусобақаларга ҳозирлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.
Муҳокамалар давомида Ўзбекистон чемпионатларини қабул қиладиган шаҳарларнинг тайёргарлиги, иштирокчиларни кутиб олиш, меҳмонхоналарга жойлаштириш каби ташкилий масалалар кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Дзюдо спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида дзюдони аҳоли ўртасида оммавий спорт турларидан бирига айлантириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш мақсадида Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларининг дзюдо бўлимлари, жойларда фаолият юритаётган дзюдо заллари, тўгараклар ишини такомиллаштириш борасидаги ишлар ҳолати таҳлил қилинди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизнинг чекка-чекка ҳудудларида ихтисослаштирилган дзюдо заллари қурилмоқда. Зарур спорт инвентарлари билан таъминланмоқда. Маҳаллий ва хорижлик малакали мураббий-мутахассислар иштирокида ўқув-машғулотлар ташкил этилмоқда.
Йиғилиш якунида мазкур йўналишлардаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш муҳим вазифа эканлиги айтиб ўтилди ҳамда Ўзбекистон дзюдо федерациясининг ҳудудий бўлим мутасаддиларига аниқ вазифалар юкланди.
Т.Рўзиев, ЎзА