Волейбол: Ўзбекистон кубоги Фарғонага йўл олди
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” ўйин спорт турлари мажмуасида волейбол бўйича U18 ёш тоифасида ўғил ва қиз болалар жамоалари ўртасида ўтказилган Ўзбекистон кубоги мусобақалари Фарғона вилояти жамоалари учун ҳар жиҳатдан муваффақиятли кечди.
Олти кунлик шиддатли ва муросасиз ўйинлар нафақат ғолиб ва совриндор жамоаларни аниқлаб берди, балки бир қатор истеъдодли ёш волейболчиларни кашф этганлиги билан муҳим аҳамият касб этди.
Ўзбекистон кубогининг сўнгги кунида қиз болалар жамоалари ўртасида Қорақалпоғистон Республикаси ва Фарғона вилояти қизлар жамоалари финал ўйинида рўбарў келди.
Қизиқарли кечган ўйинда фарғоналик волейболчи қизлар қорақалпоғистонлик тенгқурларини 3:1 ҳисобида енгиб, кубок соҳибига айланди.
3-ўрин учун ўтказилган ўйинда Тошкент ва Наманган вилоятлари жамоалари тўқнаш келди. Ушбу учрашув муросасизлиги билан ажралиб турди. Бу ўйин натижасида ҳам ўз аксини топди. Баҳсда Тошкент вилояти жамоаси наманганлик волейболчи қизларни 3:2 ҳисобида доғда қолдириб, бронза медаллари билан тақдирланди.
[gallery-30956]
Ўғил болалар жамоалари ўртасидаги финал ўйинида Андижон жамоаси Фарғона вилояти вакилларига муносиб қаршилик кўрсатди.
Бироқ, учрашувда қатъиятли ўйин намойиш этган фарғоналиклар 3:1 кўринишида устунликка эришиб, кубок соҳибига айланди.
3-ўрин учун кечган курашда эса Навоий вилояти жамоаси Қорақалпоғистон Республикаси волейболчиларини 3:2 кўринишида енгди ва бронза медалларини қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндор жамоалар Спорт вазирлиги, Ўзбекистон волейбол федерацияси ҳамда дахлдор ташкилотлар томонидан медаль, диплом, кубок ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Т. Рўзиев,
А.Мамадаминов (суратлар), ЎзА