Ҳудудлар имконияти ҳақида маълумот берилди
Пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтаётган Халқаро инвестиция форуми иккинчи куни сессияларида ҳам мамлакатимиздаги инвестиция муҳити, имконият ва қулайликлар ҳақида хорижлик сармоядор, ишбилармон доира вакилларига батафсил маълумот берилмоқда.
Хусусан, ҳозиргача Тошкент шаҳри, Aндижон, Бухоро, Фарғона, Жиззах, Наманган, Навоий вилоятлари инвестицион салоҳиятига бағишланган маърузалар тингланди.

Қайд этилишича, охирги олти йил ичида Ўзбекистонга 50 миллиард доллардан зиёд хорижий маблағ жалб қилинган. Мамлакатимизнинг географик жойлашуви, табиий ресурслари кўплиги, 37 миллион аҳолига эга йирик ички бозори инвестиция киритиш ва ривожланиш учун улкан салоҳиятдан дарак беради. Ўзбекистон ҳукумати тўғридан-тўғри инвестицияни кўпайтириш, минтақада ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш учун зарур иқтисодий шарт-шароит яратишга жиддий эътибор қаратмоқда.

Яна бир давра суҳбатида Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент, Хоразм вилоятлари имконияти ҳақида сўз юритилди.


Иккинчи кун ҳам қизиқарли учрашув ва мулоқотлар, янги ташаббусларга бой бўлиши кутиляпти.
Форум воқеаларини uza.uz сайти орқали кузатиб боринг.
Гўзал Сатторова,
Носир Ҳайдаров (сурат),
ЎзА