Ҳудудий сайлов комиссиясининг йиғилиши
Жиззах вилоят ҳудудий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилишида вилоят сайлов округлари ва участкаларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш, биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатувчи тиббиёт ходимлари ва зарурий дори-дармонлар ажратиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари кузатувчиларини рўйхатга олиш ва уларга мандатлар бериш каби масалалар муҳокама қилинди.
Биринчи масала юзасидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Жиззах ҳудудий филиали бош муҳандиси ўринбосари Аҳмат Карабоевнинг вилоятдаги барча сайлов округлари ва участкаларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича ахбороти тингланди.

Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Хуршид Саидов вилоят сайлов округлари ва участкаларида зарурат туғилганда биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатувчи тиббиёт ходимлари ва дори-дармонлар ажратиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида комиссия аъзоларига батафсил маълумотлар берди.

Сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари кузатувчиларини рўйхатга олиш ва уларга мандатлар бериш тўғрисидаги учинчи масала юзасидан вилоят ҳудудий сайлов комиссияси котиби Дилшод Ўраловнинг ахбороти эшитилди.
Комиссияда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари