Ҳудудий кенгашлар коррупцияга қарши курашда янги чораларни ўрганмоқда
Қаршида ҳудудий кенгашлар учун коррупцияга қарши кураш тренинги бошланди. Унда тендер ва ер ажратишдаги қонунбузарликларни аниқлаб, фуқаро мурожаатларини аниқ чорага айлантириш механизмлари ўрганилмоқда.
Қарши шаҳрида бошланган икки кунлик тренинг давомида иштирокчилар тендер шартларининг битта корхонага мослаштирилиши, ер ажратишдаги таниш-билишчилик ҳолатлари, фуқаролар мурожаатларидаги муаммолар аниқ чораларга қандай айлантирилиши мумкинлиги каби долзарб саволларни муҳокама қилмоқда. Мазкур машғулотлар Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва БМТ Тараққиёт дастури томонидан Европа Иттифоқи молиявий кўмагида, Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Бу каби тренинглар 14 та ҳудудни қамраб олади. Шу кунгача ўтказилган машғулотларда 60 дан ортиқ таклиф ишлаб чиқилган бўлиб, уларнинг айримлари қонунчилик ҳужжатларида ўз аксини топган. Тренинг давомида ҳудудий кенгашларнинг ваколатларига алоҳида эътибор қаратилди. Улар коррупция хавфи юқори бўлган объектлардаги вазиятни ўрганиш, масъул раҳбарларнинг ҳисоботларини тинглаш ҳамда муаммоларни бартараф этиш чораларини белгилаш ваколатига эга. Энг муҳими, кенгаш қарорлари тегишли ҳудуддаги давлат органлари ва ташкилотлари учун мажбурий ҳисобланади.

—Ушбу ваколатнинг амалий аҳамияти жуда катта, — дейди 2-даражали адлия маслаҳатчиси, лойиҳа эксперти Тўлқин Турсунов. — Бир соҳада ўхшаш шикоятлар такрорланганда ҳар бир мурожаатга алоҳида жавоб бериш муаммонинг илдизини бартараф этмаслиги мумкин. Кенгаш эса турли идоралар маълумотларини жамлаб, қайси тартиб ёки назоратдаги бўшлиқлар коррупцияга шароит яратаётганини чуқур ўргана олади. Тренингда айнан шундай вазиятлар амалий мисоллар орқали кўриб чиқилди. Хусусан, тендер талаблари муайян корхонага мослаштирилиб, бошқа иштирокчиларга йўл ёпилган ҳолат таҳлил қилинди. Иштирокчилар бундай вазиятда нимани текшириш, қайси идорани жалб қилиш ва қандай чоралар белгилаш лозимлигини муҳокама қилди. Тренингнинг иккинчи куни фуқаролар мурожаатлари, жамоатчилик назорати ва оммавий ахборот воситалари (ОАВ) билан ҳамкорлик масалаларига бағишланади.
Журналист ёки фуқаро томонидан кўтарилган ҳар қандай масала чуқур ўрганиш учун муҳим сигнал бўлиши мумкин. Бироқ, хабардаги даъвони тасдиқланган фактдан ажратиш, ҳужжатларни синчиклаб текшириш ва қўшимча маълумот олиш зарурлиги таъкидланди. Бунда давлат идораларининг очиқлиги муҳим аҳамият касб этади. Расмий маълумотлар ўз вақтида тақдим этилмаса, муаммони холис ёритиш ва унга тўғри баҳо бериш мушкуллашади. Шу боис, дастурда журналистлар билан мулоқотни йўлга қўйиш, кўрилган чоралар ва эришилган натижаларни жамоатчиликка тушунтириш масалаларига ҳам алоҳида ўрин берилган.

Тренинг якунида иштирокчилар аниқ ҳаракат режаларини ишлаб чиқади. Ушбу режаларда ким қандай ишни қачон бажариши ва эришилган натижалар қандай текширилиши аниқ кўрсатилади. Кенгашлар фаолиятининг аҳоли учун сезиларли бўлиши айнан шунда. Кўтарилган муаммо юзасидан қандай чоралар кўрилгани ва қандай ўзгаришлар юз бергани жамоатчилик учун очиқ бўлиши шарт.
Санжар Тошпўлатов,
ЎзА