Ховосда "Маҳаллалар боғи" ташкил этилди
Президентимизнинг "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси ташаббуси Сирдарёда ҳам тобора қулоч ёзмоқда. Барча туман ва шаҳарларда бўлгани каби вилоятнинг чекка, бир томони қўшни Тожикистон Республикаси, бир томони Жиззах вилоятининг Зомин туманига туташ бўлган Ховос туманида ҳар йилгига қараганда бу йил анча кўп мевали ва манзарали кўчатлар экилди.
Бу хайрли юмушларнинг бажарилишига тумандаги ташкилотлар ходимлари, аҳоли вакиллари қатори вилоятдаги жамоат ташкилотларининг ишчи- хизматчилари ҳам ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшишди.


Ана шу ишларнинг узвий давоми сифатида Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси Сирдарё вилояти бошқармаси ҳамда туман бўлинмаси ташаббуси билан Ховосда ҳам "Маҳаллалар боғи" ташкил этилди. 1,5 гектар ер майдонига туман иқлим шароитига мос мевали ва манзарали кўчат ҳамда қаламчалар экилди.
–Ховос туманида бўлгани каби "Маҳаллалар боғи" бошқа туман ва шаҳарларда ҳам ташкил этилди, – дейди Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Улуғбек Ҳотамов. –Ўйлайманки, ушбу боққа экаётган навниҳоллар эртага катта дарахтга айланиб, нафақат Ховос туманини, вилоятнинг бошқа ҳудудларини ҳам яшилликка буркайди. Ҳавонинг мусаффо бўлишига, экологик аҳволимизнинг янада яхшиланишига хизмат қилади.


–Биласизми, фарзанд туғилганда, янги уй қурилганда яхши ният билан кўчат экилади. Биз ҳам шу ниятда кўчат экяпмиз. Эртага униб-ўсиб катта бир дарахтга айланиб, чор атрофни яшилликка буркаши баробарида Ховоснинг ҳозиргидан-да чиройли ва кўркам бўлишига ҳисса қўшади,–дейди меҳнат фахрийси Шербўта Пиримқулов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири