Хотирангиз абадий қалбимизда
Ёзувчи-шоирлар асар ёзар экан албатта, ўз асарларида ота-боболарининг ўгитларини киритади. Улардан эшитган жонли хотираларини ўқувчига етказади. Зеро, воқеа ва ҳодисага гувоҳ бўлган боболарнинг айтмишлари табиий, ёлғондан холи бўлади.
Бобоси урушда қатнашган набираларда уруш ҳақида таассурот пайдо бўлади. Чунки боболар набираларига уруш ҳақида, қаҳрамонлигию, жанггоҳлардаги кечмишлари ҳақида сўзлаб бергиси келади.
ЎзА мухбири боболари Иккинчи жаҳон урушида қатнашган ижодкорлардан хотираларини ёзиб олди.
Тозагул Жуманова (ёзувчи): 
Бобом аввалига Болтиқбўйи давлатлари, Польша ва Германиядаги урушларда мардонавор жанг қилган. 1943 йил ўрталарида портлаш оқибатида бобомнинг ўнг елкасига мина парчалари кириб, оғир тан жароҳат олиб Тошкентга госпиталга даволаниш учун юборилган. 1944 йил бошларида бобом соғлиғи тиклангач, ўз хоҳиши билан яна фронтга қайтган ва урушда иштирок этган. 1945 йил ғалабадан сўнг ҳам бобомни мудофаа учун чегарада олиб қолишган. 1946 йил Ватанига қайтган.
Урушдан қайтгач, Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаб, турмуш қурган ва ўз касбига фидокорлик билан меҳнат қилган. Халқнинг ҳурматига сазовор бўлган.
Урушдан кейин кўплаб унвон, орденлар билан тақдирланган. Бобом камтарин инсон бўлганлиги учун мукофотлари, ютуқлари ҳақида кўп гапиравермасдилар. Лекин Жиззахга меҳмон бўлиб борганларимизда бобомни ёшу қари ҳурмат қилиб, қўллари кўксида, тўрдан жой илинишарди. Ўшанда болаларча шундай бобом борлигидан фахрланардим. Бобом жуда камгап, камтарин, етти ўлчаб бир кесадиган донишманд инсон эди.
Нафақага чиққач, яқин қариндошлари, ака-укалари Самарқандга қайтишини жуда исташган. Лекин бобом Жиззах заминини, далаларини, экинзорларини ташлаб кетолмаган. Бобом ҳар доим бу ернинг тупроғи мен учун азиз ва муқаддас, ташлаб кетолмайман деб, лўнда жавоб берарди.
Бобом 2000 йил 79 ёшда ўзи меҳр қўйган, қалб қўридай азиз бўлган тупроқда – Жиззах вилоятида вафот этди ва Дўстлик туманига дафн этилди.
Мустақилликка эришгач, бобомнинг меҳнатлари қадрланиб, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими фахрий унвони, “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган. Бобом 4 ўғил ва 4 қизни юртга керакли, жамиятга фойдаси тегадиган, ўзи каби меҳнаткаш, оқкўнгил, фидойи инсон қилиб тарбиялаган.
Мен шундай фидойи ва юрт виждони бўлган, Ватани учун жонини фидо қилишга тайёр бўлган буюк инсоннинг набираси эканимдан фахрланаман. Бобом бизларга ҳозирги мустақиллик, тинчликнинг қадрига етишимиз кераклигини бот-бот такрорларди. Бобомнинг бизга қилган ўгитларини ҳеч қачон унутмайман.
Мирзо Озод Мирзонеъматов (шоир):

– Бобом – Аҳмаджон Тожибоев урушгача бўлган очарчилик замонини гапириб берарди. Очликдан хор-зор одамларнинг ҳолатини тасвирлаб берар экан, тинчлик ва фаровонликнинг қадрига етишни уқтирарди.
Бобом урушда бир йил бўлган. Юртга қайтгандан сўнг ҳам қарийб 50 йил далада миробчилик қилган. Бобомни йўқлаб уйимизга ҳокимликдан мутасаддилар, журналистлар келишганда бобом хурсанд бўлиб кетарди. Кўзларига ёш оларди. Бизни йўқлагувчилар бор экан-ку, бизнинг урушдаги чеккан заҳматимизни муносиб тақдирлаяпти, дея хурсанд бўларди.
Бобом бировнинг дилини оғритмаган. Шунинг учун ҳам қўни-қўшни, қариндош-уруғ бобомни яхши хотиралар билан эслайди. Бобомни соғинаман. Бобомни қумсайман. Аллоҳ раҳматига олган бўлсин, барча қаҳрамонларимизни.
Мадина Норчаева(шоира):

– Бобом (Очил бобо Ҳошимов)ни ҳарбий хизматдан тўғри ўқишга олиб қолишган. Шу билан уруш тугаб ортга қайтгунича орадан қарийб ўн йилга яқин вақт ўтиб кетган. Мен бобомнинг энг кичик неваралари сафида эдим. Бобом оламдан ўтганда саккиз ёш бўлганман. Ҳеч уруш ҳақида гапирганини эслолмайман.

Бобом қўй боқишга бизларни навбат билан олиб чиқар эди. Адир бўйлаб ёйилган сурув, ердаги милтиқ чечаклар ҳали ҳам кўз ўнгимда қолган. Ўша гулларнинг номларини бизга бобом ўргатган. Невараларини қўй боқишга олиб чиққанида, кўпинча достон айтиб берар эди.
ЎзА мухбири
Д.Маматова
ёзиб олди.