Хотира абадий, жасорат мангу
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Урганч шаҳридаги хотира майдонида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Майдон бўйлаб таралган мунгли оҳанг, мотамсаро она ҳайкали, хотира олови, хотира китобига ўйиб ёзилган битиклар мудҳиш уруш ҳақиқатларини ифода этади, ғалабага улкан ҳисса қўшган инсонларни эслатади.
Тадбирда вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари, вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан нуронийлар, байналмилалчи жангчилар, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган фахрийлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов, секторлар раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, ҳарбий-маъмурий сектор, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, ҳарбий қисмлар ва кенг жамоатчилик вакиллари Мотамсаро она ҳайкали пойига алвон гулчамбарлар қўйиб, жанг майдонларида қаҳрамонлик намуналарини кўрсатган, мустақиллигимиз йўлида жон фидо қилган ота-боболаримизнинг букилмас иродаси, жасорати ва матонатини ёд этиб ҳурмат бажо келтирди.
[gallery-23271]
Ҳужжатларнинг далолат беришича, фашизмга қарши қонли жангларда Хоразм вилоятидан 67 минг 300 нафар киши иштирок этган. Улардан 21 минг 351 нафари эсон - омон она юртга қайтган. Афсуски, 31 минг 445 нафари қаҳрамонларча ҳалок бўлган, 7 минг нафардан зиёди бедарак йўқолган. Тўрт мучаси соғлом 13 минг 211 нафар Хоразмнинг мард ўғлонлари шафқатсиз урушдан уйига ногирон бўлиб қайтган. Бугунги кунда уларнинг 4 нафари ҳаёт.
Бугун авлодлар тинчлиги, мамлакатимиз барқарорлиги учун жон фидо қилган инсонлар хотираси ҳурмат билан ёдга олинмоқда. Айни вақтда ҳаёт бўлган меҳнат фахрийлари ва кексаларга эҳтиром кўрсатилмоқда. Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирлар вилоятнинг шаҳар ва туманларида, меҳнат жамоаларида давом этмоқда.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари