Хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида халқаро ҳамкорлик кенгайтирилади
Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Қозихонова Бирлашган Араб Амирликлари Гендер мувозанати кенгаши вице-президенти Мона Ғанем Ал Марри билан онлайн шаклда мулоқот ўтказди.
Учрашувда БАА Гендер масалалари бўйича илғор тажрибалар маркази билан ҳамкорликда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий фаоллигини ошириш, гендер тенгликни таъминлаш ҳамда бу борадаги илғор халқаро тажрибаларни ўрганиш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, 2022 йил сентябрь ойида Жаҳон банки билан ҳамкорликда БАА Гендер мувозанати кенгаши томонидан Гендер масалалари бўйича илғор тажрибалар маркази ташкил этилган. Марказ давлат ва хусусий сектор ўртасида ҳамкорликни кучайтириш ҳамда амалий натижаларга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги самарали ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, қўшма тадқиқотлар, тренинг ва семинарлар ташкил этиш, ўзаро ташрифларни амалга ошириш масалалари илгари сурилди.
Томонлар мазкур мулоқот икки давлат ўртасида хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш соҳасидаги амалий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишини таъкидлади.
Н.Абдураимова, ЎзА