Ахборот ҳамкорларимиз нигоҳида – Янги Ўзбекистон
Ҳар қандай янгиликни дунё афкор оммасига етказишда ахборот майдони, хусусан оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс. Зеро, ҳамкасбларимиз нафaқат хабар тарқатади, балки жамият кайфиятини узатади, ислоҳотларга нисбатан муносабат уйғотади, давлат ва жамоатчилик ўртасида кўприк вазифасини ўтайди.
ТАСС: Россия Ўзбекистоннинг асосий иқтисодий ҳамкори мақомини
сақлаб қолмоқда
Москвада ўтган қўшма комиссия йиғилишида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Россия мамлакатимиз ташқи иқтисодий алоқаларида етакчи ўринни эгаллаб келаётганини таъкидлади. Икки давлат ўртасидаги шериклик сўнгги йилларда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилган, ҳудудлараро алоқалар кенгайган ва ўзаро савдо ҳажми изчил ўсиш суръатини намоён этган. Бугунги кунда республикада минглаб Россия капитали иштирокидаги корхоналар фаолият юритмоқда, турли тармоқларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Йиғилиш доирасида транспорт ва логистика соҳасидаги ўсиш суръати ҳам алоҳида қайд этилди: жорий йилнинг илк ойларида темир йўл орқали юк ташиш ҳажми сезиларли даражада ошган, мунтазам ҳаво қатнови сони ортмоқда. РФ Бош вазири Михаил Мишустин 2030 йилга қадар ўзаро савдо айланмасини бир неча баробар кўпайтириш учун асос шаклланганини билдирди. Шу билан бирга саноат, энергетика ва юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича қўшма ташаббусларни кенгайтириш режалаштирилган.
Xinhua: Ўзбекистон иқтисодиёти 2026 йил 6,7 фоиз ўсиши кутиляпти
Осиё тараққиёт банки тахминига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 2026 йил барқарор ўсиш суръатини сақлаб қолиб, 6,7 фоизга етади. Тегишли ҳисоботда хизмат соҳаси 2025 йил 14,7 фоиз, қурилиш тармоғи 14,2 фоиз ўсгани қайд этилган. Шу билан бирга ички талаб барқарорлиги, юқори инвестиция ва тизимли ислоҳот иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаётган асосий омиллар сифатида баҳоланган.
Инфляция даражаси 2026 йил 6,5 фоизгача пасайиши прогноз қилинган. Бу ўтган йилдаги 7,3 фоизга нисбатан паст. Шунингдек, давлат бюджети тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2,1 фоизгача қисқаргани таъкидланган. Бу кўрсаткичлар мамлакат иқтисодиётида макроиқтисодий барқарорлик мустаҳкамланаётганини англатади.
Anadolu: Покистон - Эрон транзит йўлаги орқали юк Тошкентга етиб келди
Туркиянинг “Anadolu Agency” агентлиги хабар қилишича, Покистон янги савдо йўлагини ишга тушириб, Эрон орқали Марказий Осиёга юк таший бошлади. Айни йўналишда биринчи юк – музлатилган гўшт Тошкентга етказилди. Шу тариқа Покистон – Эрон транзит йўлаги фаоллашди. Янги тизимга кўра, юк энди бемалол Гвадар порти орқали Эрон ҳудудига ўтиб, кейин Марказий Осиё давлатларига йўналтирилади.
Манбага кўра, мазкур йўлак минтақадаги геосиёсий яқинлашув ва иқтисодий алоқа кучайиши асносида шаклланмоқда. Лойиҳа Хитойнинг йирик инфратузилмавий ташаббуси – CPEC доирасида муҳим бўғин ўлароқ баҳоланмоқда. Қолаверса, янги йўналиш Марказий Осиёга чиқиш имкониятини кенгайтириб, минтақада савдо ва логистика тизимини диверсификация қилишга хизмат қилади.
АзерТАЖ: Ўзбекистон ташқи савдоси йил бошида 7,1 фоиз ошди
Озарбайжоннинг AзерТАЖ агентлиги хабарида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси жорий йил январь-февраль ойларида 7,1 фоиз ўсиб, 11,6 миллиард долларга етгани келтирилган. Шу даврда экспорт ҳажми 3,5 миллиард долларни, импорт эса 8,1 миллиард долларни ташкил этган. Мамлакатимиз дунё бўйлаб 160 давлат билан савдо алоқасини давом эттираётгани таъкидланган.
Мақолада ташқи савдо бўйича етакчи ҳамкорларимиз ҳам келтирилган: Хитой 27,5 фоиз улуш билан биринчи ўринни эгаллаган, Россия 18,3 фоиз билан иккинчи, Қозоғистон 7,2 фоиз билан учинчи ўринда қайд этилган. Шунингдек, Туркия ва Жанубий Корея ҳам Ўзбекистоннинг муҳим савдо шериклари қаторида қайд этилган.
WAM: БАА ва Ўзбекистон янги иқтисодиёт соҳаларида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
БАА WAM агентлиги маълум қилишича, ушбу араб мамлакати иқтисодиёт ва туризм вазири Абдулла бин Туқ ал-Маррий Ўзбекистон делегацияси билан учрашиб, икки томонлама иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш масаласини муҳокама қилган. Музокарада янги иқтисодиёт, туризм, авиация, молиявий технология, транспорт ва қайта тикланувчи энергия каби устувор соҳаларда барқарор ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги, логистика, саноат ва банк соҳаларидаги шериклик имконияти ҳам кўриб чиқилган.
Учрашувда Ўзбекистон томонидан Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ҳамда инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов иштирок этган. БААда 2 300 дан ортиқ ўзбек компанияси фаолият юритаётгани таъкидланиб, ҳамкорлик фаол амалий босқичга ўтаётгани эътироф этилган. Шу билан бирга туризм соҳасида ҳам ўсиш кузатилган: 2025 йил БААга ташриф буюрган ўзбекистонликлар сони 25 фоиз ошди. Томонлар “Investopia Tashkent” ташаббуси орқали янги инвестиция имкониятини кенгайтириш, бизнес муҳитини янада жозибадор қилишга келишиб олишди.
ЎзА мухбири Мусулмон Зиё тайёрлади.