Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш – муҳим вазифа
Шаҳрихон туманида оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этиладиган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, низоли оилалар билан манзилли ишлаш ҳамда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда Шаҳрихон тумани ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Эргашхон Бегматова, Андижон вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Сурайё Маматқулова, Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(омбудсман)нинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили Жасурбек Иброҳимов, тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар фаоллари, отинойилар, пробация рўйхатида турган ҳамда ҳимоя ордери олган хотин-қизлар иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, хусусан уларнинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатларини таъминлаш, давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.


Йиғилишда туманда оила-турмуш муносабатлари доирасида юзага келиши мумкин бўлган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, низоли оилалар билан ишлаш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасидаги ишлар таҳлил қилинди.
Шунингдек, хотин-қизларни “Одам савдоси”дан жабрланиш ҳолатларининг олдини олиш, профилактик ҳисобда ва пробация назоратида турган фуқаролар билан ишлаш, ҳимоя ордери олган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Якунда оилаларда соғлом муҳитни шакллантириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, тазйиқ ва зўравонликнинг барвақт олдини олиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири