Хотин-қизларга юксак эҳтиром кўрсатилди
Андижон шаҳридаги “Тошкент премиум” тантаналар саройида 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. Аёл борки, олам мунаввар, аёл борки, ҳаёт гўзал ва мафтункор. Инсон, оила, аёл тушунчаларини бир-биридан ажралган ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Аёлларни, қизларни баҳорга қиёслашади, баҳорни эса уларга.
Гўзаллик, нафосат, янгиланиш, ҳаёт давомийлиги баҳор ва аёл тушунчаларида уйғунлашиб кетади. Тантаналар саройига кириб келаётган нуроний онахонлар, вилоят ижтимоий-иқтисодий ривожида фаол ҳамда турли жабҳаларда фидойилик билан меҳнат қилаётган латофатли опа-сингилларимиз гуллар билан кутиб олинди. Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ҳамда эҳтиром кўрсатиш халқимизнинг азалий қадриятларидан ҳисобланади.
[gallery-10850]
Ватанимиз тараққиётида, оила ва жамият ҳаётида хотин-қизлар муҳим ўрин ҳамда мавқега эга. Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларининг илғор вакилалари иштирокидаги “Аёл борки олам мунаввар!” деб номланган байрам тадбирида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг ўрни, роли ва нуфузи тобора ортиб бораётганлиги, опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаоллигини ошириш, турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов муҳтарам опа-сингилларимизни баҳорнинг илк гўзал айёми билан муборакбод этди. Байрам тадбирида жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этаётган, ташаббускор, самарали меҳнати билан оилаларни мустаҳкамлашга, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ишига муносиб ҳисса қўшган, соғлом авлодни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этишда ибратли фаолият олиб бораётган бир гуруҳ илғор хотин-қизлар “Мўътабар аёл” кўкрак нишони, вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбирнинг бадиий қисмида таниқли санъаткорлар, эстрада хонандалари томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар барчага байрамона кайфият улашди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З.УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА