Хотин-қизларга эътибор амалда бўлсин
Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ҳамда Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссиянинг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева бошқарган йиғилишда кейинги уч ой давомида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар муҳокама этилди.
Сенат қарори билан 2030 йилга қадар Гендер тенгликка эришиш стратегияси , унинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди. Зўрлик ишлатишдан жабрланган аёлларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар кўрилди.
Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилди. Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар, хотин-қизлар манфаатларини, ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.
Жумладан, "Аёллар дафтари"га киритилган ва тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 68 минг 281нафар хотин-қизга 837 миллиард 931 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратилиб, уларнинг бандлиги таъминланди . Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни ҳудудларда тор соҳа бўйича шифокорларга жалб этган ҳолда 5818 та тиббий бригада ташкил этилиб, улар ёрдамида 43 минг 779 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди.
"Gender.stat.uz" Гендер статистикасининг расмий веб-сайти такомиллаштирилди. Маълумотлар янгиланди. "Аziz-ayol.uz" ягона интерактив миллий платформасини жорий этиш чора-тадбирлари белгиланди. Соҳада эришилган ютуқлар билан бирга камчиликлар ҳам батафсил тилга олинди.
Йиғилишда Бош прокуратура, Ички ишлар ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари мутасаддиларининг ахбороти тингланди.
Қариндошлар ўртасида никоҳ тузиш амалиёти кенг тарқалган ҳудудларни аниқлаш мақсадида юртимизнинг 6 минг 974 та маҳалласида ижтимоий сўровлар ўтказилган. Жумладан, сўров натижаларига кўра, энг юқори кўрсаткичлар Қашқадарё вилоятининг Ғузор (9,7 фоиз), Деҳқонобод (9 фоиз), Касби (8,6 фоиз), Яккабоғ (6,1 фоиз), Китоб (5,8 фоиз), Қамаши (5 фоиз) туманларига, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ (19 фоиз), Бойсун (8,3 фоиз) ва Денов (5,8 фоиз) туманларига тўғри келади.
Ҳар бир туман ва шаҳарларда ташкил этилган "Ота-оналар университети"да қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари тўғрисида ўқув- машғулот ўтказиш йўлга қўйилган.
Гендер тенгликни таъминлаш стратегиясида хотин-қизларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш, уларнинг инновацион ғоялари, ихтирочилик , рационализаторлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Ўтган йилнинг ўзида 31 минг нафардан ортиқ илмий ходим маърифий изланишлар, тадқиқотлар ,тажриба-конструкторлик фаолияти билан шуғулланган бўлса, уларнинг қарийб 40 фоизи аёллардир.
Хусусан,хотин-қизларнинг 73 фоизи олий таълимда, 16,5 фоизи давлат секторида, 10 фоизи тадбиркорлик соҳасида, 0,2 фоизи нотижорат секторида илмий фаолият билан шуғулланмоқда.
Ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлашда "Аёллар дафтари" тизими яхши самара бераётгани қайд этилди. Жумладан, ўтган ярим йилликда "Аёллар дафтари"даги ижтимоий ҳимоялашга муҳтож ишсиз 251 минг 300 нафардан ортиқ хотин-қиз бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, 6 ой мобайнида 78,5 минг нафар хотин-қиз иш ҳақи тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди.
Юртимизда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича 15 та "Ишга марҳамат" мономаркази, 30 та касб-ҳунарга ўқитиш маркази, 136 та маҳаллада касб-ҳунарга ўқитиш маскани ташкил этилиб,жами 134 минг нафар ишсиз аёл 10дан ортиқ касбга ўқитилди.
Шу билан бирга, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан имтиёзли кредитлар ажратилган.Аёлларга Халқ банки бириктирилган бўлиб,14 та ҳудудда Хотин-қизлар марказлари ташкил этилган.
Йиғилишда оғир аҳволга тушиб қолган аёллар билан иш олиб боришни янада такомиллаштириш, миграция билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш, олинган кредит маблағларининг мақсадли ишлатилиши юзасидан масъул ташкилотларнинг мутасаддилари фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Н.Усмонова, ЎзА