Хотин-қизлар жиноятчилигининг олди олинмоқда
Бухоро вилоятининг барча шаҳар ва туманларида хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар томонидан муқаддам судланган хотин-қизлар билан профилактик тадбирлар олиб борилмоқда.
Ғиждувон тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси хотин-қизлар масалалари бўйича масъул ходимлари томонидан ички ишлар органларининг профилактик ҳисобида турувчи муқаддам судланган хотин-қизлар билан профилактик огоҳлантирув тадбирлари амалга оширилди.
Туманнинг Шарқ маҳалласида яшовчи 1970 йилда туғилган, 2020 йилнинг 16 июль куни Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 109-моддаси 2 қисми билан айбли деб топилиб, 1 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган фуқаро Г.А. билан профилактик огоҳлантирув тадбирлари ўтказилди.
Тадбир давомида ўтаётган жазо тури бўйича суд томонидан белгилаб берилган чекловларга амал қилинаётганлиги, қайта ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир қилган ҳолларда жавобгарлик чоралари кўрилиши бўйича огоҳлантиришлар берилди.


Худди шундай профилактик тадбирлар туманнинг Нодирабегим маҳалласида яшовчи 1984 йилда туғилган, 2020 йил 26 май куни жиноят ишлари бўйича Қоровулбозор туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 168-моддаси 4-қисми билан айбли деб топилиб, 4 йил 9 ой 6 кун муддатга озодликдан чеклаш жазосига ҳукм қилинган фуқаро Р.Ш билан ҳам ўтказилди. Унга тушунтириш ишлари олиб борилди.
– Ўтказилган профилактик суҳбатлар жараёнида жиноят кўчасига кирган хотин-қизларнинг яшаш шароити, муаммолари, ўрганилади, – дейди вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари, хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи Дилфуза Шаропова. – Уларнинг бандлигини таъминлаш, тарбиялаш ва бошқа ижтимоий масалалар юзасидан муаммолари ўрганилади. Қийнаб келаётган муаммоларнинг ечимига жавоб изланади. Қайта жиноят йўлига кирмаслиги учун тушунтириш ишлари олиб борилади. Жамиятда ўзининг ўрнини топиши учун ёрдам берилади. Мазкур тадбирлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, Бухоро шаҳри ва Жондор туманларида ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этишга мойил бўлган хотин-қизлар билан ҳам профилактик суҳбатлар олиб борилди. Бу тоифа шахслар томонидан қайта ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилишини олдин олиш борасида манзилли тадбирлар амалга оширилди.
Зариф Комилов, ЎзА