Хотин-қизлар тадбиркорлиги ривожланади
Андижон шаҳри аҳолисининг деярли ярмини хотин-қизлар ташкил этади.
Шаҳардаги иш билан банд аҳолининг 101 минг нафари, ёки 51 фоизи аёллар.
Андижон шаҳар ҳокимлиги, оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, айниқса, ижтимоий ҳамда турмуш шароити оғир, ишсиз хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорликка жалб этиш, доимий даромад манбаларини шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
– Жорий йилда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, касаначиликни йўлга қўйиш, ўзини-ўзи банд қилиш ҳисобига ва бошқа барча йўналишлар бўйича хотин-қизлар учун 2 минг 111 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган, – дейди Андижон шаҳар ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Наргиза Улуғбекова. – Бу борада олиб борилган ишлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида хотин-қизлар учун 1 минг 64 та янги иш ўрни яратилди.
Жумладан, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйган аёллар томонидан 400 дан ортиқ иш ўринлари яратилди.
Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришда биринчи навбатда ижтимоий муҳофазага муҳтож, оғир шароитда яшаётган, вақтинча ишсиз, опа-сингилларимизни тадбиркорликка жалб этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Уларнинг имконият ва шароитлар ўрганилди, улар иштирокида турли тарғибот тадбирлари, семинарлар ўтказилди. Ҳозирга қадар “Аёллар дафтари”га киритилган, тадбиркорлик қилиш истагини билдирган 1 минг 949 нафар аёлнинг 423 нафари Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Савдо саноат палатаси, «Тадбиркор аёл», «Ҳунарманд» уюшмалари вилоят бўлимлари, Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази ҳамда банклар ҳамкорлигида тадбиркорлик бўйича махсус курсларда ўқитилди.
– Мақсадимиз маҳаллалардаги қийин шароитда яшаётган, иш билан банд бўлмаган аёлларнинг муаммо ва имкониятларини ўрганиш орқали уларга кўмаклашишдир, – дейди АТ Халқ банки Андижон шаҳар бўлими бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Дилдорахон Зулунова. – Ўз тадбиркорлигини бошлаш истагидаги, махсус курсларда таҳсил олган ишсиз аёллар тадбиркорлик борасида муайян билимга эгами, тадбиркорликни йўлга қўйиш, банк кредитидан фойдаланиш, маҳсулот тайёрлаш, ишлаб чиқариш, сотиш, кредитни қайтариш имкониятлари қай даражада? Ана шу йўналишларда опа-сингилларимизга зарур билим, тушунча, тавсия ва маслаҳатлар берилди.
Ҳозирга қадар Андижон шаҳрида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагидаги, махсус курсни тамомлаган опа-сингилларимиздан 310 нафарига 4 миллиард 669 миллион сўмдан зиёд миқдорда кредит ажратилди. Бундан ташқари, Бандлик маркази томонидан 18 нафар аёлга иссиқхона қуриш ва тикув машиналари сотиб олиш учун 133,3 миллион сўм миқдорида субсидиялар берилди.
– Ўзим чеварман, “Аёллар дафтари”га киритилганман, – дейди Андижон шаҳри Маориф маҳалласида яшовчи Муҳаррамхон Назирова. – Банкдан 33 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, ўз хонадонимда тадбиркорлик фаолиятимни бошладим. Маҳалламиздаги чеварликни биладиган, лекин ишсиз бир неча аёлни ишга олдим. Ҳозирда аёллар, болалар кийимларини тикиб, сотишни йўлга қўйганмиз. Маҳсулотларимиз анча харидоргир. Шу боис, даромадимиз ҳам яхши.
Андижон шаҳри Намуна маҳалласи, А.Фитрат кўчасида яшовчи Гавҳарой Содиқова “устоз-шогирд” анъанаси асосида ҳунар ўрганиб, ўзини ўзи банд қилган бўлса, унинг маҳалладоши Сафоий кўчасида яшовчи ҳунарманд Муҳаббатхон Сатторова банкдан ажратилган 5 миллион сўм кредит ҳисобига ўз хонадонида кўрпа-тўшак тикишни йўлга қўйди. Қолаверса, яна икки нафар ишсиз маҳалладошини иш билан таъминлади.
– Мен ва мен каби аёлларга кўрсатилаётган эътибор ва кўмакдан беҳад хурсандман, – дейди Муҳаббатхон Сатторова. – Ана шу эътибор туфайли ўз имкониятларимизни юзага чиқардик, энг асосийси, ишлаб, даромад топиб, оиламизга ёрдам бериш, хонадонимиз кам-кўстини тўлдириш имконига эга бўлдик. Бунинг учун Президентимизга, ушбу хайрли ишга ҳисса қўшган барча барчага раҳмат айтаман.

Умуман, Андижон шаҳрида жорий йил якунига қадар махсус курсларни тамомлаб, сертификат олган яна 1 минг 639 нафар аёлга “Халқ банки”, “Агробанк”,
“Микрокредитбанк” шаҳар бўлимлари томонидан навбат асосида кредитлар ажратилиши режалаштирилган. Бир сўз билан айтганда, Андижон шаҳрида хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, шу орқали уларнинг бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаини шакллантиришга қаратилган ишлар тизимли ва режа асосида олиб борилмоқда.
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,
Зухриддин УМРЗОҚОВ (фото), ЎзА