Хотин-қизлар саломатлиги доимо эътиборда
Бухородаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган аёллар интернат уйида тиббий кўрик ўтказилди.
Шаҳар кўп тармоқли марказий ҳамда 7-оилавий поликлиникалари шифокорлари, Бухоро Тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари ҳамкорлигида ташкил этилган тиббий кўрикда 307 нафар хотин-қизлар текширувдан ўтказилди.

– Аёллар лаборатор - инструментал текширувлардан ўтказилди, – дейди Бухоро шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси мудири Хушнуд Жалилов. – Уларда жами 654 та касаллик аниқланди. Касаллик аниқланган аёлларнинг 213 нафарига амбулатор ва 15 нафарига стационар шароитда даволаниш тавсия этилди. Тиббий кўрик натижасида чурраси бўлган 5 нафар аёлларни вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида жарроҳлик амалиёти ўтказилиши ҳамда 7 нафар аёлга Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий – амалий тиббиёт маркази Бухоро филиалида, 3 нафар аёлга Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт маркази Бухоро филиалида даволанишлари бўйича тегишли даволаш-соғломлаштириш режалари тузилди.

Шунингдек, тиббиёт ходимлари томонидан соғлом турмуш тарзини шакллантириш, хусусан жисмоний фаолликни ошириш, мунтазам равишда ҳар куни эрталаб ва кечки овқатдан сўнг пиёда юриш, зарарли одатлардан воз кечиш юзасидан давра суҳбати ўтказилди. Соғлом овқатланиш тамойиллари бўйича батафсил тушунча берилди.
Зариф Комилов, ЎзА