Хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ҳамкорлигида “COVID-19 пандемиясидан зарар кўрган аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида туманларда ташкил этилган “Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари” ўз фаолияти давомида ўнлаб хотин-қизларни бозор талаби юқори бўлган касбларга ўқитиб келмоқда.
Бундан ташқари, лойиҳа доирасида дарс сифатини ошириш мақсадига қаратилган амалий машғулотлар ташкил этиш ҳам кўзда тутилган. Шу мақсадда Бухоро ва Навоий вилоятлари Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ўртасида тузилган ҳамкорлик меморандуми асосида “Resine art”, “Миллий ҳунармандчилик” йўналишида 20 нафар хотин-қизга маҳорат дарси ўтказилди. Амалий дарс машғулотлари якунида иштирокчилар “Миллий ҳунармандчилик” йўналишида очилган тикув цехи фаолияти билан танишди.
Ҳамкорлик дастурининг асосий мақсади Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари фаолияти самарадорлигини ошириб, ўқув курслари сифатини яхшилаш, малакасини ошириш орқали COVID-19 пандемияси сабаб зарар кўрган аҳолига айниқса, ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар, узоқ муддат бола парваришида уйда қолган аёллар, кам таъминланган оила фарзандлари учун Хотин-қизлар тадбиркорлик марказида амалий дарслар ташкил этиш орқали билим ва кўникмасини ошириш, тадбиркорликка йўналтириш, бандлигини таъминлаш орқали уларнинг яшаш шароитини яхшилашдан иборат.
[gallery-6745]
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат) ЎзА