Хотин-қизлар фаоллиги янада ортади
Андижон вилояти Булоқбоши туманида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, шунингдек, Оила ва хотин-қизлар бўлими фаолияти самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, Булоқбоши тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида Ширмонбулоқ қишлоғида ташкил этилган семинарда мутасаддилар, сектор раҳбарлари, “Оқила аёллар” ҳаракати, бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари масъуллари иштирок этди.
Семинарда Андижон вилояти ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнорахон Абдуллаева, Булоқбоши тумани ҳокими Ўткирбек Мамуров мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, уларнинг ижтимоий муҳофазасига қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.
“Аёллар дафтари”ни юритиш тартиби, “Оқила аёллар” ҳаракати, “Бошланғич хотин-қизлар” ташкилотлари иш фаолияти самарадорлигини ошириш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича сўз юритилди.
“Аёллар дафтари”га киритилганлар билан ишлаш, опа-сингилларимизни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш, энг аввало, аёлларнинг бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаини шакллантириш борасидаги ишлар атрофлича таҳлил этилди. Иштирокчилар томонидан мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
[gallery-8696]
Шунингдек, семинарда “Оқила аёллар” ҳаракати, “Бошланғич хотин-қизлар” ташкилоти фаолиятини намунали йўлга қўйган маҳаллалар, муассасаларнинг илғор иш тажрибалари намойиш этилди. Семинар давомида тумандаги “Аёллар дафтари” га киритилган ва имтиёзли кредит олиб тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган аёллар томонидан ишлаб чиқарилаётган, тайёрланаётган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.
Якунда белгиланган йўналишларда амалга оширилиши зарур вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, уч нафар хотин-қизга ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиши учун 5 миллион сўмдан пул берилди, яна уч нафар жисмоний имконияти чекланган аёлга ногиронлик аравачаси топширилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА