Хотин-қизлар бандлиги ҳолати ўрганилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Азиза Аминова, ЎзЛиДеП вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Муҳаммад Эшниёзов ҳамда партия масъулларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари томонидан “Маҳалланинг ишбилармон аёли” лойиҳаси доирасида Навбаҳор туманидаги Учтут маҳалласида иссиқхона хўжалиги билан шуғулланаётган ишбилармон аёллар фаолияти ўрганилди.
Мамлакатимизда хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этилиши бугун ўз натижасини бермоқда. Айниқса, қишлоқ хўжалигида, жумладан, иссиқхона хўжалигида фаолият юритаётган аёллар сони эса кун сайин ортиб бормоқда.
Бугунги кунда иссиқхона шароитида помидор ва бодринг каби маҳсулотларни етиштириш орқали кўплаб аёллар ўз бизнесини йўлга қўйиб, барқарор даромад манбаига эга бўлмоқда.

Навбаҳор туманида яшовчи тадбиркор аёл Дилором Қурбонова 2018 йилда кичик иссиқхона ташкил этган эди. Айни пайтда эса унинг хўжалигида 5 нафар доимий, 10 нафардан ортиқ мавсумий ишчи фаолият юритмоқда. Иссиқхонада бир неча турдаги сабзавотлар етиштирилиб, маҳаллий бозорларга етказиб берилмоқда.
– Дастлаб ишни бошлаш осон бўлмади. Лекин давлатимиз томонидан соҳага қаратилаётган эътибор, берилаётган имтиёзли кредит ва мутахассислар маслаҳати менга катта ёрдам берди. Ҳозирги кунда иссиқхонамизда йил давомида помидор ва бодринг етиштириб, ҳар мавсумда ўртача 50-60 миллион сўм даромад олмоқдамиз. Шунингдек, масъуллар томонидан “Намунали томорқачи аёл – фаровонлик бунёдкори” лойиҳаси доирасида ўқув семинарлари ва тренинглар ташкил этилаётгани билимларимизни янада оширишга хизмат қилмоқда, – дейди Д.Қурбонова.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, иссиқхонада юқори ҳосилдорликка эришиш учун замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, томчилатиб суғориш тизими, сифатли уруғ танлаш ва ўғитлаш жараёнига алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади.
Албатта, бугунги кунда ташаббускор аёллар нафақат ўз оиласининг фаровонлигини таъминламоқда, балки янги иш ўринлари яратиш орқали жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. Улар етиштираётган маҳсулотлар эса бозорларимиз тўкинлигини таъминламоқда.
А. Бўриев, ЎзА мухбири