Ўзбекистон ва Чехия муносабатларига янги амалий мазмун бағишлаган ташриф
30 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабишнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи якунланди. Кўксарой қароргоҳида тор ва кенгайтирилган таркибда музокаралар бўлиб ўтди. Учрашувлар якунида Кенг кўламли ҳамкорликни илгари суриш тўғрисида қўшма декларация ҳамда иқтисодий, саноат, илмий-технологик ҳамкорлик, шунингдек, дипломатик кадрлар тайёрлаш, геология, метрология ва электропоездларни етказиб бериш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида икки томонлама битимлар тўплами имзоланди.
Таъкидлаш жоизки, бу Чехия бош вазирининг Ўзбекистонга иккинчи ташрифидир. 2023 йил апрель ойида Петр Фиала Тошкентга ташриф буюрган бўлса, ўша йилнинг октябрь ойида Бош вазир Абдулла Арипов Прагага жавоб ташрифи билан бориб, Чехия Президенти Петр Павел билан учрашди ва Кенгайтирилган ҳамкорлик тўғрисидаги давлатлараро декларацияни имзолади. 2025 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси доирасида президентлар Ш.Мирзиёев ва П.Павел икки томонлама учрашув ўтказиб, инвестициялар, инновациялар, транспорт ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида аниқ лойиҳаларни муҳокама қилдилар. Олий даражадаги алоқаларнинг бундай жадаллиги халқаро дипломатияда камдан кам учрайдиган ҳодисадир. Бу эса ҳар икки томон ўзаро муносабатларга шунчаки баённома эмас, балки реал сиёсий устуворлик сифатида қараётганидан далолат беради.
Бу галги Ўзбекистон-Чехия музокараларининг кун тартиби ниҳоятда бой бўлиб, ҳар бири алоҳида кўриб чиқилиши лозим бўлган бир неча муҳим йўналишларни қамраб олди.
Биринчиси – савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш. Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми икки бараварга ошди ва бу ўз-ўзидан салмоқли натижадир. Шунга қарамай, томонлар эришилган кўрсаткичлар мавжуд салоҳиятни акс эттиришини, бироқ уни тўлиқ очиб бера олмаслигини тан оладилар.
Шу муносабат билан ўзаро савдо ҳажмини, жумладан, маҳсулот турларини кенгайтириш ҳисобига 1 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Чехия капитали иштирокида 37 та қўшма корхона фаолият юритмоқда ва бу ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам ишлаб чиқариш асосини яратмоқда.
Иқтисодий, саноат ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия ушбу жараённи тартибга солувчи ҳамда ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишларини очиб берувчи асосий механизм бўлиб хизмат қилади. Комиссия шу йиллар давомида ўнта йиғилиш ўтказган бўлиб, уларнинг сўнггиси 2025 йил март ойида Прагада бўлиб ўтган.
Савдони янада рағбатлантириш мақсадида Чехияда Ўзбекистоннинг биринчи сертификатлаштириш филиали ташкил этилмоқда, шу билан бирга Евро-6 стандартидаги автомобилларни сертификатлаштириш лабораторияси ва квант эталони – инфратузилма обектлари қурилиши давом этмоқда, уларсиз ўзбек маҳсулотларининг Европа бозорларига тўлақонли кириши сезиларли даражада қийин бўларди.
Шу билан бирга, Чехиянинг етакчи компаниялари билан машинасозлик, “яшил” энергетика, геология ва ўта муҳим хомашё, кимё ва фармацевтика соҳаларини қамраб олган Технологик кооперация дастурини тайёрлашга келишиб олинди. Бундан ташқари, Экспорт кредитларини суғурталаш агентлиги ва Чехия Экспорт банки қўшма лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш ниятини тасдиқлади. Бутун иқтисодий кун тартибини мувофиқлаштириш учун Ишбилармонлар кенгашини ташкил этишга қарор қилинди, жорий йил август ойида эса Тошкентда Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш режалаштирилган.
Куни кеча икки мамлакат ҳукуматлари раҳбарлари иштирокида ўтган Ўзбекистон-Чехия бизнес-форуми икки томонлама кун тартибини аниқ мазмун билан бойитиш учун амалий майдон бўлди. 200 дан ортиқ иштирокчи иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 2025 йилда 145 миллиард доллардан ошгани – бу кўрсаткич хорижий инвесторлар назарида мамлакат ҳақидаги тасаввурни тубдан ўзгартираётгани алоҳида таъкидланди.
Натижада, Чехия компаниялари Ўзбекистонни Марказий Осиё мамлакатлари бозорларига чиқиш учун стратегик майдон сифатида тобора кўпроқ кўриб чиқмоқда. Динамик ўсиш, ёш аҳоли ва географик жойлашувнинг ноёб уйғунлиги республикани Евроосиё ҳудудидаги энг жозибадор марказлардан бирига айлантирмоқда.
Форум якунлари бўйича машинасозлик, инфратузилмани модернизация қилиш ва таълим соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар тўплами имзоланди, шунингдек, Чехия экспорт банки ва EGAP корпорацияси билан юқори технологик лойиҳалар учун имтиёзли кредитлаш ва рискларни суғурталашни назарда тутувчи ўзаро ҳамкорлик механизмлари мустаҳкамланди.
Иккинчиси – транспорт соҳасидаги юқори технологияли кооперация бўлиб, унинг рамзи сифатида “Škodа Group”нинг дастлабки 10 та электропоездини етказиб бериш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича шартнома имзоланганини айтиш мумкин. Шуни таъкидлаш жоизки, лойиҳа истиқболлари шунчаки техника етказиб бериш билангина чекланиб қолмайди. Келгусида ҳаракатланувчи таркибни бутун хизмат муддати давомида маҳаллий шароитда йиғиш ва унга техник хизмат кўрсатиш бўйича қўшма корхона, шунингдек, ўзбекистонлик мутахассисларни тайёрлаш учун “Škodа” академиясини ташкил этиш режалаштирилган.
Шу нуқтайи назардан, Škodа Group раҳбари Петр Новотний Ўзбекистонни Европадан ташқаридаги “биринчи рақамли нишон” деб билади ва бу ерда эришилган натижалар компанияга бутун Марказий Осиё бозорларига йўл очишига ишонади. Ўз навбатида, бу Ўзбекистон учун шунчаки техник таркибни янгилаш эмас, балки Европа ишлаб чиқариш занжирларига интеграциялашиш ва ўз технологик салоҳиятини шакллантириш имкониятидир.
Учинчиси – таълим, фан ва маданий-гуманитар алоқалар соҳасидаги ҳамкорлик. Ушбу сегментда Ўзбекистон–Чехия ҳамкорлиги энг чуқур илдизларга ва энг барқарор келажакка эга. Чехия университетларидаги ўзбекистонлик талабалар сони 2020 йилдаги тахминан 350 нафардан бугунги кунга келиб 600–700 нафарга етди, асосан техник, иқтисодий, қишлоқ хўжалиги ва IТ соҳаларида таҳсил олмоқда. Чехия ҳукумати томонидан ҳар йили Ўзбекистон фуқаролари учун стипендиялар ажратилиши қўшимча рағбат бўлиб хизмат қилмоқда.
Университетлараро даражада тўғридан-тўғри алоқалар йўлга қўйилгани алоҳида эътиборга лойиқ. Ўзбекистон Миллий университети Коменский номидаги университет ва Чехия агротехника университети билан, Тошкент тиббиёт академияси Карл университетининг Биринчи тиббиёт факултети билан, бошқа бир қатор етакчи олий таълим муассасалари эса Брнодаги Мендел университети билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Жорий музокаралар якунида академик алмашинувларни, жумладан, қўшма диплом дастурларини янада кенгайтиришдан ўзаро манфаатдорлик тасдиқланди. Бу эса ҳар икки мамлакат талабалари учун мутлақо янги карера имкониятларини очиб беради.
Шу билан бирга, икки томонлама алоқаларнинг илмий-археологик ўлчовини ҳам таъкидлашни истардим. 2003 йилдан буён Термиз давлат университети Праганинг Карл университети билан ҳамкорликда Сурхондарё вилоятида экспедиция олиб бормоқда. Ўтган йигирма йил ичида илгари номаълум бўлган бронза даврига оид тўққизта ва илк темир даврига оид ўн тўртта ёдгорлик топилди, бир неча туман ёдгорликларининг харита ва паспортлари тузилди. Бу ҳамкорлик ҳукуматлар алмашинуви ва ўзгарувчан конюнктурага қарамай давом этмоқда.
Тошкент ва Прага ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни қайта тиклаш масаласини ишлаб чиқиш ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу бир қарашда фақат логистика бўлиб туюлса-да, аслида сайёҳлик ва ишбилармонлик, шунингдек, академик алоқалар учун янги имкониятлар очади.
Ўзбекистон ва Чехия меҳнат бозорларидаги чуқур сифат ўзгаришларини акс эттирувчи меҳнат миграцияси соҳасидаги тизимли ҳамкорлик истиқболлари ҳам биринчи ўринга чиқмоқда.
Умуман, ташриф якунларига баҳо берар эканмиз, Ўзбекистон – Чехия муносабатлари сифат жиҳатидан янги тараққиёт босқичига қадам қўймоқда, деб ишонч билан айтиш мумкин. Аниқ иқтисодий ташаббуслар, технологик келишувлар ва институционал механизмлар билан мустаҳкамланган олий даражадаги фаол мулоқот узоқ муддатли стратегик шериклик учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда.
Эришилган келишувларнинг амалга оширилиши Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилиш, юқори технологияли ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва инсон капиталини мустаҳкамлаш учун кенг истиқболлар очади. Чехия учун эса Ўзбекистон нафақат савдо шериги, балки Евроосиёнинг энг жадал ривожланаётган минтақаларидан биридаги ишончли таянч нуқтасига ҳам айланмоқда.
Бахтиёр Мустафоев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг ўринбосари