Хотин-қизлар бандлиги доимо эътиборда
Жиззах вилоятида қишлоқ аёлларининг бизнес кўникма ва иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган “Қишлоқ аёлларининг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш” лойиҳаси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
“Истиқлол авлоди” ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази томонидан амалга оширилаётган лойиҳа Жаҳон банкининг Япония Ижтимоий тараққиёт жамғармаси гранти ва Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси маблағи ҳисобидан молиялаштирилган. Лойиҳа ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларни, айниқса қишлоқ аёлларини тадбиркорликка ўргатиш орқали турмуш тарзини, яшаш шароити ва оилавий даромадини яхшилашга қаратилган.

Лойиҳа бўйича Жиззах вилоятининг Бахмал, Зомин, Янгиобод ва Фориш туманларидаги қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида иш олиб борилди. Уларда аёллар гуруҳлари ташкил этилди. Маҳаллаларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож 28 нафар хотин-қизлари рўйхати шакллантирилиб, улар бир ярим йил мобайнида бошланғич тадбиркорликка ўқитилди.

– Мазкур лойиҳа қишлоқларимизнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлари учун жуда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Фориш тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожланиш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Элнора Умматова. – Энг қувонарлиси, ана шу лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида туманда истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож, “Аёллар дафтари” рўйхатида турувчи хотин-қизлар учун 120 та янги ва албатта даромадли иш ўринлари яратилади.


Тадбиркорликка ўқитиш дастури бўйича ўрта муддатли ўқув курсини муваффақиятли якунлаган хотин-қизларга сертификатлар топширилди.
А.Қаюмов,
Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари