“Хоспис” – далда, умид, меҳр ва даво маскани
Хоразм вилоятида 50 ўринга мўлжалланган минтақалараро “хоспис” даво маскани очилди.
Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш тизимида босқичма-босқич такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, онкологик касалликлар билан оғриган беморларни даволаш, уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатишда ҳам сезиларли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 4 апрелдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида Онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу соҳадаги муамолар ечимини топишда дастуриламал бўлмоқда.
Хонқада 12 йилдан буён туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 20 ўринга мўлжалланган хоспис тиббий-ижтимоий муҳофазага муҳтож бўлган онкологик касалликка чалинган беморлар учун фаолият юритиб келаётган эди. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида муассаса базасида яна 30 ўринли бино қурилди ҳамда минтақалараро хоспис бўлимига айлантирилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоятда онкология хизматини яхшилашга қаратилган амалий ишлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, мазкур даво масканида беморлар саломатлигини тиклаши, ўзини яхши ҳис этиши учун шифокору ҳамширалар бор малакасини намоён этиши кераклиги таъкидланди.
– Онкологик касалликлар нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунё миқиёсида мураккаб муаммолардан бири бўлиб келмоқда, – дейди Республика ихтисолаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий маркази Хоразм вилоят филиали директори Тоҳиржон Полвонов. – Яқинда вилоятимизга Чехия Республикасида ишлаб чиқарилган “Терабалт” масофадан туриб бошқариладиган нур терапияси ўтказишга мўлжалланган ускуна олиб келиб ўрнатилди ва филиалимизда “Радиология” бўлими ҳам очилди. Янги технологияларни амалиётда қўллаш, айниқса, нур терапияси ўтказиладиган беморлар контингентининг ортиши, уларнинг ҳаёт сифати ва даволаш натижаларининг яхшиланишига хизмат қилади.
Иштирокчилар тадбир давомида муассасада яратилган шароитлар билан ҳам танишди.
Шифокорларнинг сўзларига кўра, афсуски, ушбу масканга келувчиларнинг кўпчилиги оғир ҳолатда бўлади. Уларга кеча-ю кундуз алоҳида ғамхўрлик қилиниши керак бўлади. Ҳар бир беморга алоҳида хона ажратилган бўлиб, зарурий шароит яратилган. Парҳез таомлар ўз вақтида берилади. Муассаса ходимлари томонидан беморларнинг ўзини ва ётоғини озода сақлашга алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, муассасада даволанувчиларнинг маданий ва маънавий ҳордиқ чиқариши учун ҳам имкониятлар мавжуд.
Энг муҳими, дори-дармон ва барча харажатлар учун давлатимиз бюджетидан маблағ ажратилиб, битта беморга 10 кундан бир неча йилгача бепул тиббий хизмат кўрсатилиши мумкин.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА