Хорижий ОАВ: Тошкент инвестиция форуми Ўзбекистоннинг янги иқтисодий босқичини намоён этди
V Тошкент халқаро инвестиция форуми хорижий оммавий ахборот воситалари эътибор марказида бўлди. Қатор нуфузли нашрлар форумни Ўзбекистоннинг иқтисодий ислоҳотлари, инвестициявий жозибадорлиги ва минтақавий иқтисодий марказ сифатидаги ўрни мустаҳкамланаётгани ёрқин ифодаси сифатида баҳолади.
Покистоннинг АPP нашри форумни ёритар экан, Тошкент бугун Марказий Осиёда инвестиция ва бизнес мулоқоти учун муҳим платформага айланганини таъкидлади. Нашрга кўра, форум нафақат йирик сармоядорлар, балки давлат раҳбарлари, халқаро молия институтлари ва бизнес доиралари учун ҳам стратегик аҳамият касб этмоқда. Муаллиф Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий либераллашув, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва инфратузилмавий лойиҳалар мавзуларига алоҳида урғу берилган.

Саудия Арабистони расмий ахборот агентлиги форумни халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилувчи муҳим майдон сифатида баҳолади.
Қайд этилишича, тадбирда энергетика, саноат, рақамли технология ва логистика каби стратегик йўналишлардаги янги имкониятлар таҳлил қилинган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий алоқаларни диверсификация қилишга қаратилган сиёсати халқаро ҳамжамиятда қизиқиш уйғотаётгани қайд этилган.

Қирғизистоннинг “Кабар” ахборот агентлиги эса форумни Ўзбекистон иқтисодиётининг “янги босқич”га ўтаётганини кўрсатувчи муҳим воқеа деб атади. Нашр таҳлилида мамлакатда сармоявий муҳитни яхшилаш, давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий капитал учун қулай шарт-шароит яратиш бўйича изчил чоралар самара бераётгани таъкидланган.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари иттифоқи (UNA-OIC) материалида форумнинг ислом олами давлатлари учун ҳам муҳим аҳамиятга эгалигига эътибор қаратилди. Хусусан, савдо, саноат кооперацияси ва сармоявий шерикликни мустаҳкамлаш борасида Тошкент форуми самарали мулоқот платформаси экани қайд этилди.

Қатарнинг нуфузли “Gulf Times” нашри ушбу араб давлати делегациясининг анжумандаги иштирокига урғу бериб, Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги инвестициявий ҳамкорлик изчил кенгайиб бораётганини ёзди. Нашрга кўра, икки мамлакат ўртасида энергетика, молия ва инфратузилма соҳаларида янги қўшма лойиҳалар учун кенг имконият мавжуд.
Д.Ҳакимов, ЎзА