Хорижий корхонанинг харидоргир маҳсулотлари
Президент топшириғи амалда
Балиқчи туманидаги Зиёкор маҳалласида ташкил этилган “Mig farfor” масъулияти чекланган жамият шаклидаги хорижий корхона бир неча йилдан буён самарали фаолият олиб бормоқда.

Мамлакатимизда кейинги йилларда юртимизга хорижий инвесторларни жалб этиш, янги лойиҳаларни ишга тушириш, мавжуд корхоналарни модернизация қилиш, умуман, ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бунинг натижасида биргина Андижон вилоятида ўтган йилнинг ўзида 200 га яқин янги ишлаб чиқариш корхоналари ишга туширилди, кўплаб корхоналар модернизация қилиниб, ўз имкониятларини янада кенгайтирди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг февраль ойида Андижон вилоятига ташрифи давомида янги лойиҳаларни ишга тушириш ва мавжуд корхоналарни модернизация қилиш ҳисобига ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш юзасидан қатор топшириқ, вазифалар берган эди. Ана шу топшириқлар ижроси доирасида Балиқчи туманида фаолият олиб бораётган чинни буюмлари корхонасини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш жараёнига янги печ ўрнатиш белгиланган.

– Хитойлик тадбиркор Хуанг Лианжун томонидан 2019 йилда ташкил этилган “Mig farfor” МЧЖ шаклидаги хорижий корхона томонидан тайёрланаётган чинни маҳсулотлари мамлакатимиз ички бозорида ўз харидорларини топиб улгурган, – дейди корхона менежери Шаҳобиддин Қодиров. – Корхонада ўтган 2024 йилда 1 миллиард 582 миллион сўмлик пиёла, чойнак сингари ўн бешга яқин турдаги чинни буюмлари ишлаб чиқарилди.
Сифатли, бежирим, харидоргир маҳсулотларимиз ҳозирда асосан ички – Андижон, Фарғона ва Тошкент бозорларида сотилмоқда. Келгусида маҳсулотларимизни қўшни Қирғизистон, Тожикистон давлатларига экспорт қилиш режаларимиз бор.
Хитой давлатидан келган икки нафар мутахассис ўтган давр мобайнида маҳаллий қиз-аёлларга чинни буюмларни тайёрлаш, гул босиш, умуман, ишлаб чиқариш жараёнларини пухта ўргатиб келмоқда. Айни кунда корхонада 70 нафарга яқин хотин-қиз, хусусан, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган опа-сингилларимиз меҳнат қилмоқда.

– Корхона ташкил этилганидан буён меҳнат қиламан, – дейди гул босиш цехи ишчиси Муқаддамхон Мамадалиева. – Аввал, уйда ўтирардим асосан мавсумий ишлар билан шуғулланардим. Бугунги кунга келиб, нафақат мен, балки маҳалламиздаги кўплаб аёллар чинни тайёрлаш билан боғлиқ жараёнларни пухта ўзлаштириб олганмиз. Бажарган ишимизга қараб, 2,5 – 4 миллион сўм ойлик иш ҳақи оламиз. Уйимиз яқин, ишга осон келиб-кетамиз, корхонада бепул тушлик қилиб берилади. Умуман, ушбу корхона мен каби аёлларга ишлаб, оиламизга даромад келтириш имконини берди.
Президентимиз топшириғига асосан ўтган йили корхонага “Саноат қурилиш банк” вилоят бўлими томонидан 400 минг доллар миқдорида кредит ажратилди. Хитой давлатидан чинни буюмларни пиширадиган замонавий, янги печ олиб келиш учун шартнома тузилди.
Жорий йилнинг учинчи чораги охирига қадар мазкур печни ўрнатиш, ишга тушириш белгиланган. Ушбу печ тўла қувват билан ишга тушгач, корхонада маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 2,5 баробарга ортади. Бу ўз навбатида яна 150 та янги иш ўрни яратиш имконини беради.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари