Хорижий инвестициялар жалб этиш масалалари муҳокама қилинди
Бугунги кунда мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш, энергетика инфратузилмасини янгилаш ва энергия таъминоти барқарорлигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан соҳада хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, замонавий технологиялар ва илғор бошқарув усулларини жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айниқса, электр энергиясига бўлган талаб тобора ортиб бораётган шароитда мавжуд тармоқларни янгилаш, уларнинг ўтказувчанлик имкониятини ошириш ва истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш муҳим вазифалардан бирига айланмоқда.
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповнинг Туркиянинг “EKSIM Holding” холдинг компанияси таркибига кирувчи “Dicle Group” компанияси вакиллари билан учрашувида ҳам ана шу масалалар хусусида сўз борди.
Учрашувда компания вакиллари ўз фаолияти, амалга ошираётган лойиҳалари, шунингдек, электр энергетикаси соҳасида тўплаган тажрибаси ҳақида маълумот берди.
Таъкидланганидек, “EKSIM Holding” Бухоро вилояти электр тақсимлаш тармоқларини модернизация қилиш, уларни замонавий технологиялар асосида янгилаш ва хусусий бошқарувга ўтказиш орқали соҳага инвестициялар киритишдан манфаатдор. Бу ташаббус электр таъминоти тизимидаги мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, инфратузилмани такомиллаштириш ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Лойиҳанинг асосий мақсади электр тармоқлари ишончлилигини ошириш, эскирган инфратузилмани босқичма-босқич янгилаш ва истеъмолчилар учун барқарор электр таъминотини таъминлашдан иборат.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳудуднинг энергетика соҳасидаги салоҳияти, хусусан, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди. Шунингдек, Бухорода “яшил” энергетика улушини ошириш, энергияни сақлаш тизимларини кенг жорий этиш, замонавий энергия сақлаш қурилмалари сонини кўпайтириш ҳамда мазкур йўналишларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
Дарҳақиқат, энергетика соҳасини ривожлантириш фақат янги электр қувватларини ишга тушириш билан чекланмайди. Ишлаб чиқарилган энергияни самарали тақсимлаш, уни сақлаш имкониятларини кенгайтириш, тармоқлардаги йўқотишларни камайтириш ва замонавий бошқарув тизимини шакллантириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, электр тақсимлаш тармоқларини модернизация қилиш ва хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳудуд энергетика тизимининг истиқболдаги ривожи учун муҳим омил бўлиши мумкин.

Мулоқот давомида электр тақсимлаш тармоқларини модернизация қилиш, хусусий сектор инвестицияларини жалб этиш, соҳага илғор бошқарув тажрибасини татбиқ қилиш ҳамда ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Мазкур учрашув Бухоро вилояти энергетика инфратузилмасини ривожлантириш, хорижий инвестициялар иштирокини кенгайтириш ва замонавий технологиялар асосида электр таъминоти сифатини ошириш борасида янги ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилишга хизмат қилди. Энг муҳими, бундай лойиҳаларнинг амалий рўёби ҳудуд иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш билан бирга, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ишончли энергия таъминотига бўлган эҳтиёжини таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири