Хорижий автотранспорт воситаларининг республика ҳудудида бўлиш муддати узайтирилмоқда
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари ҳамда парламент назоратига оид масалалар кўриб чиқилди.
Жумладан, “Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботлари янада соддалаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.
Мазкур қонун лойиҳаси ташқи савдо тартиботларини соддалаштириш, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига қўшимча енгилликлар яратиш ҳамда божхона назорати механизмларини такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, Божхона кодекси, “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги ҳамда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
— Қонун лойиҳасига кўра, хорижий автотранспорт воситаларини вақтинча олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби такомиллаштирилиб, уларнинг республика ҳудудида бўлиш муддати узайтирилмоқда, — дейди Қонунчилик палатаси депутати С.Азимов. — Шунингдек, божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш шартлари енгиллаштирилмоқда. Лойиҳадаги нормалар ташқи савдони ривожлантириш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай шароит яратиш ҳамда божхона маъмуриятчилиги самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳокамаларда бир қатор савол ва таклифлар ўртага ташланди. Шундан сўнг қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда, шунингдек, мактабгача ва мактаб таълими тизими интеграциясини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Лойиҳа билан мактабга тайёрлов мажбурий умумий ўрта таълимга киритилиши белгиланмоқда. Бу болаларнинг мактаб таълимига пухта тайёргарлик кўришини таъминлаб, таълим босқичлари ўртасидаги узвийликни мустаҳкамлайди. Шунингдек, мактабга тайёрлов бўйича ҳозирги 98 фоиз қамровни 100 фоизга етказишга хизмат қилади.
Лойиҳага кўра, бир йиллик мажбурий тайёрлов мактабгача таълим муассасаларида, умумтаълим мактабларида, олис ва чекка ҳудудларда қулайлик яратиш мақсадида аҳолига яқин бўлган ижтимоий соҳа объектларида ташкил этилади ва бепул бўлади.
Ушбу қонун лойиҳасининг ижросини таъминлаш, унинг мазмунини жойларга етказиш Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳамда тегишли ташкилот ва идоралар зиммасига юклатилган.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА