Хоразмнинг янги қиёфаси: юксалиш сари ташланган стратегик қадамлар
Президент Шавкат Мирзиёев 17 август куни Хоразм вилоятига ташриф буюриб, ҳудудда саноат, таълим, транспорт, туризм ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган янги лойиҳалар ҳамда яратилган инфратузилма билан танишди. Шунингдек, бир қатор янги лойиҳаларни ишга тушириш ва қурилишига старт бериш маросимида қатнашди.
Кейинги йилларда Хоразм воҳасига келаётган меҳмонлар оқими бир неча карра ортди. Туристик салоҳиятни ишга солишга қаратилган ташаббуслар доирасида халқаро стандартларга жавоб берадиган транспорт-логистика инфратузилмаси яратилаётгани эътиборга молик.
Хусусан, Урганч халқаро аэропортида расмий делегацияларга хизмат кўрсатадиган терминал бунёд этилиб, янги аэродром мажмуаси реконструкциясининг биринчи босқичи жадал давом эттирилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи ана шу лойиҳалар билан танишишдан бошланди.
Аэропорт 1960 йилда ишга тушган. Унга 1992 йилда халқаро мақом берилган. Умумий майдони 285 гектардан ортиқни ташкил этадиган бу мажмуа ўтган йиллар давомида минглаб йўловчиларга хизмат кўрсатиб келди. Бугунги кунда аэропорт орқали ўнга яқин нуфузли авиакомпания томонидан мунтазам қатновлар йўлга қўйилган. Жорий йилнинг ўзида аэропорт томонидан жами 126 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилиб, мазкур кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 31 фоизга ўсди.
Жадал ривожланаётган замон, ортиб бораётган сайёҳлар оқими ва халқаро ҳамкорлик кўлами мавжуд қувватларни тубдан кенгайтиришни кун тартибига қўймоқда.
Урганч халқаро аэропортини кенгайтириш ва модернизация қилиш учун жами 264 миллион доллар миқдорида инвестиция маблағлари йўналтирилган. Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилмоқда.
Лойиҳанинг хусусий шериги сифатида дунёнинг энг илғор, юқори технологик ва нуфузли авиация хабларидан бирини бошқарадиган Жанубий Кореянинг “Incheon International Airport Corporation” компанияси жалб этилди.
Президентимиз Хива ва Урганч шаҳарлари йирик халқаро саммитлар, олий даражадаги дипломатик учрашувлар, нуфузли иқтисодий ва маданий анжуманлар ўтказиладиган глобал майдонга айланаётганини таъкидлади. Бундай тадбирларга келаётган хорижий делегациялар учун юқори даражадаги қулайлик ва хавфсизликни таъминлаш мамлакатнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборига бевосита хизмат қилиши қайд этилди.
Реконструкция доирасида аэропортда “Boeing 747” ва “Airbus A350” каби кенг фюзеляжли ҳаво кемаларини бемалол қабул қилиш имконияти яратилмоқда. Бу эндиликда дунёнинг турли қитъаларидан Хоразмга тўғридан-тўғри, транзитсиз узоқ масофали парвозларни амалга ошириш имконини беради.
Шунингдек, реконструкция ишларининг биринчи босқичида 18 та ҳаво кемаси тураргоҳи ҳамда янги бурилиш йўлаги қуриб битказилади. Бундан ташқари, аэропортда замонавий чегара назорати ва виза бўлимлари, шинам бизнес-зал, турли савдо ва овқатланиш шохобчалари, кечаю кундуз ишлайдиган тиббиёт пункти ҳамда дунё брендларини мужассам этган “Duty free” зонаси ташкил этилмоқда.
Лойиҳа якунлангач, йўловчиларга хизмат кўрсатиш қуввати соатига 300 нафардан 1 минг 300 нафаргача ортади.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Урганч туманидаги “Тилло домор” корхонасининг янги ишлаб чиқариш мажмуасида сутни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди.
Мамлакатимизда чорвачиликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатида қўшилган қиймат занжирини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада замонавий технологияларни жорий этиш, маҳаллий хомашёни қайта ишлаш ва ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг имкониятлар яратилган.
Хоразм вилояти сут етиштириш салоҳияти юқори ҳудудлардан бири. Мазкур имкониятдан самарали фойдаланиб, чорвачиликни ихтисослаштириш ва сутни саноат усулида қайта ишлашни кенгайтириш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.
“Тилло домор” корхонасининг умумий қиймати 11 миллион доллар бўлиб, йилига қарийб 100 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхона Болгариядан келтирилган замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланган.
Бу ерда пишлоқ, қаймоқ, сметана, творог, қатиқ, кефир каби 70 дан ортиқ турдаги сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Хомашё ҳар куни 100 дан зиёд фермер хўжалиги ва аҳолидан харид қилинади. Бу, ўз навбатида, чорвачилик билан шуғулланаётган аҳоли учун барқарор сотув бозорини яратишга хизмат қилмоқда.
Корхонада 120 та иш ўрни яратилган. Ишлаб чиқариш мажмуасида 100 киловатт қувватга эга қуёш панеллари ҳам ўрнатилган. Келгусида яна 100 та янги иш ўрни ташкил этиш, маҳсулот турларини кўпайтириш режалаштирилган.
Бугунги кунда вилоятда 1 минг 200 га яқин қайта ишлаш корхонаси фаолият юритмоқда.
Президентимиз маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, бундай корхоналарни хомашё билан барқарор таъминлаш, маҳсулот турлари ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш муҳимлигини таъкидлади. Мутасаддиларга бу борадаги тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Урганч шаҳридаги Хоразм илғор касбий маҳорат техникуми ҳамда унинг ҳудудида ташкил этилган Касблар шаҳарчасига борди.
Мамлакатимизда меҳнат бозори талабларига мос, замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада касбий таълимни иш берувчилар эҳтиёжи билан уйғунлаштириш, илғор хорижий тажрибани жорий этиш ва дуал таълимни кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Урганч шаҳрида ташкил этилган Хоразм илғор касбий маҳорат техникуми ана шу мақсадларга хизмат қилади. Муассасани барпо этиш учун давлат бюджетидан 72,4 миллиард сўм ажратилган. 5,2 гектар майдонда 1 минг 100 ўринга мўлжалланган иккита ўқув биноси, 300 ўринли ётоқхона, спорт зали, 200 ўринли ошхона ҳамда замонавий жиҳозланган иккита ўқув устахонаси қурилган.
Техникумда Германия, Швейцария, Буюк Британия, Хитой ва Жанубий Кореянинг илғор таълим дастурлари асосида ўқитиш йўлга қўйилган. Дуал таълим тизими назарий билимларни бевосита ишлаб чиқариш амалиёти билан боғлаш имконини беради.
2026-2027 ўқув йили учун 11 та касб йўналиши бўйича 200 нафар иқтидорли ёш имтиҳон асосида саралаб олинган. Таълим жараёни иш берувчилар билан ҳамкорликда ташкил этилиб, битирувчиларнинг эгаллаган касби бўйича иш билан таъминланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Техникум Хоразм вилоятидаги бошқа касбий таълим муассасалари учун ҳам замонавий амалий база вазифасини ўтайди. Ҳудуддаги таълим муассасаларининг қарийб 4 минг 300 нафар ўқувчиси бу ердаги устахона ва лабораторияларда амалиёт ўтайди. Бундай илғор касбий маҳорат техникумларини Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич ташкил этиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари муассаса ҳудудидаги Касблар шаҳарчасини ҳам кўздан кечирди. Бу ерда ёшларнинг қизиқиши ва қобилиятини эрта аниқлаш, уларни муайян касбларга йўналтириш учун шароит яратилган.
Касблар шаҳарчасида “Ўзинг ясаб кўр” тамойили асосида ўқувчилар турли замонавий ускуналар билан бевосита ишлаб, амалий кўникмалар ҳосил қилади. Транспорт ва логистика, саноат ва қурилиш, сервис, қишлоқ хўжалиги ҳамда “яшил” энергетика каби меҳнат бозорида талаб юқори бўлган йўналишлар қамраб олинган.
Мажмуа йирик иш берувчи корхоналар билан ҳамкорликда фаолият юритади. Бу ёшларни касбга йўналтиришдан тортиб, уларга амалий кўникма бериш ва келгусида бандлигини таъминлашгача бўлган ягона тизимни шакллантиришга хизмат қилади.
Президентимиз ёшларни замонавий меҳнат бозори талаб қилаётган касбларга сифатли ўқитиш, таълим дастурларини иш берувчилар эҳтиёжига мослаштириб бориш ва бундай тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Президент Шавкат Мирзиёев Урганч халқаро аэропорти ва Хива темир йўл бекатини боғлайдиган янги темир йўл линияси билан танишди.
Мамлакатимизда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, турли транспорт турларини ўзаро боғлаш, аҳоли ҳамда сайёҳлар учун қулай қатнов тизимини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хоразм вилоятида амалга оширилган мазкур лойиҳа ҳам шу мақсадларга хизмат қилади.
Қиймати 225 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида Урганч халқаро аэропорти ва темир йўл вокзалини боғловчи 11 километрлик янги темир йўл линияси қурилди. Унда бир бекат, кўприк, автомобиль йўллари билан кесишмалар ва 25 та сув ўтказиш иншооти барпо этилди.
Янги йўналиш орқали йилига қарийб 650 минг нафар маҳаллий ва хорижлик сайёҳни ташиш имконияти яратилди. Хива ва Урганч ўртасидаги қатнов вақти икки баробар қисқариб, 80 дақиқадан 40 дақиқага тушади. 30 га яқин янги иш ўрни ташкил этилди.
Эътиборлиси, аэропорт ва темир йўлни бевосита боғлайдиган бундай лойиҳа мамлакатимизда биринчи марта амалга оширилди. Урганч халқаро аэропорти – Хива йўналишида Хитойда ишлаб чиқарилган CR200J электропоезди қатнови йўлга қўйилмоқда.
Олти вагондан иборат мазкур электропоезд бир вақтнинг ўзида қарийб 400 нафар йўловчини ташиш имкониятига эга. У соатига 160 километргача тезликда ҳаракатланади. Вагонларда VIP, бизнес ва эконом-класс ўринлари, бепул Wi-Fi, электрон қурилмаларни қувватлаш имконияти, замонавий кондиционер ва иситиш тизимлари мавжуд. Ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳам зарур шароитлар яратилган.
Давлатимиз раҳбари янги электропоездда Хива шаҳрига келди.
Хивада Президентимиз Урганч халқаро аэропорти ва Хива темир йўл вокзалини боғлайдиган йўналишда қатновга қўйиладиган янги троллейбусларни ҳам кўздан кечирди.
Жорий йил июль ойида Хитойдан олиб келинган 10 та троллейбус замонавий автоном ҳаракатланиш тизими билан жиҳозланган бўлиб, электр тармоғига уланмаган ҳолда ҳам 100 километргача йўл босиши мумкин.
Ҳар бир троллейбус 87 нафар йўловчига мўлжалланган. Уларда ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар ва болали йўловчилар учун қулайликлар, USB ва Type-C портлари, ички ва ташқи кузатув камералари ўрнатилган. Шунингдек, ҳайдовчи ҳолатини кузатиш, ҳаракат йўлагидан чиқиб кетишдан огоҳлантириш ва автоматик ёнғин ўчириш каби хавфсизлик тизимлари мавжуд.
Ушбу замонавий транспорт воситаларини олиб келиш ташаббуси Президентимизнинг ўтган йилги Хоразм вилоятига ташрифи давомида илгари сурилган эди.
Давлатимиз раҳбари транспорт турларини ўзаро уйғунлаштириш аҳоли ва сайёҳлар учун қулайлик яратиш, йўлга кетадиган вақтни қисқартириш ҳамда ҳудуднинг туристик жозибадорлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлади. Мутасаддиларга йўловчилар учун хавфсиз ва сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Хива шаҳрида ташкил этилган Ляонин педагогика университетининг Ўзбекистондаги филиали ва Конфуций институти фаолияти билан ҳам танишди.
Мамлакатимизда олий таълимни халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, хорижий нуфузли университетлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва замонавий йўналишларда малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети ва Хитойнинг Ляонин педагогика университети ҳамкорлигида амалга оширилган лойиҳа доирасида янги таълим мажмуаси барпо этилди. Уни қуриш ва жиҳозлаш учун давлат бюджетидан 140 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бу ерда 120 та янги иш ўрни яратилди.
Мажмуада 560 ўринли ўқув блоклари, кутубхона, спорт зали, 200 ўринли маданият саройи ва 118 ўринли ошхона мавжуд. Иккинчи тўрт қаватли бинода 628 ўринли аудиториялар ҳамда 224 ўринли талабалар турар жойи ташкил этилган.
2026 йил учун қабул квотаси 160 нафар этиб белгиланган. Келгусида йиллик қабулни 500 нафарга, талабалар сонини эса 2 минг нафарга етказиш режалаштирилган.
Таълим кундузги ва масофавий шаклларда, ўзбек, хитой ва инглиз тилларида олиб борилади. Бакалавриат босқичида “Халқаро хитой тили таълими”, “Туризм бошқаруви”, “Халқаро бизнес”, “Сунъий интеллект”, магистратурада эса “Хитой тили ва маданиятини ўқитиш методикаси”, “Таълим бошқаруви”, “Сунъий интеллект ва таълим технологиялари” йўналишларида кадрлар тайёрланади.
Филиал дипломи Ўзбекистонда тўғридан-тўғри тан олинади. Иқтидорли битирувчиларга Хитойнинг етакчи олий таълим муассасаларида грант асосида ўқишни давом эттириш ва нуфузли ташкилотларда стажировка ўташ имконияти яратилади.
Бугунги кунда Хоразм вилоятида хитойлик инвесторлар иштирокида умумий қиймати 2 миллиард 343 миллион долларлик 38 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Уларда замонавий технологиялар ва хитой тилини яхши биладиган юқори малакали мутахассисларга талаб юқори. Янги таълим муассасаси ва Конфуций институти ана шу эҳтиёжга мос кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.
Президентимиз таълим дастурларини иқтисодиёт ва меҳнат бозори эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш, талабаларнинг замонавий технологиялар ва хорижий тилларни пухта эгаллаши учун барча шароитларни яратиш муҳимлигини таъкидлади.
Шу ернинг ўзида давлатимиз раҳбарига ягона миллий туризм платформаси ҳамда туризм соҳасида тадбиркорлар учун яратилаётган янги имконият ва енгилликлар тақдимот қилинди.
Сўнгги йилларда Хоразм вилоятини комплекс ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларини диверсификация қилиш, тадбиркорлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Сўнгги тўққиз йилда юқори даромадли иш ўринлари яратиш учун вилоятга 7,5 миллиард доллар инвестиция киритилди, 9,7 мингта янги қувват ишга туширилди. Кичик ва ўрта бизнес лойиҳалари учун 33 триллион сўмдан зиёд кредитлар ажратилди.
Натижада аҳолининг реал даромадлари 2 карра ошди. Саноат ва қурилишда банд бўлганлар улуши 18 фоизга, хизматлар соҳасида 55 фоизга етди. Камбағаллик даражаси 4,4 фоизга тушди, ишсизлик 2 карра қисқариб, 4,5 фоизни ташкил этмоқда. 72 та маҳалла “ишсизлик ва камбағалликдан ҳоли” ҳудудга айланди.
Вилоятнинг транспорт ва туризм инфратузилмаси ҳам изчил янгиланмоқда. Охирги тўққиз йилда 280 та меҳмонхона ва меҳмон уйи қурилиб, меҳмонхона фонди 4 баробар ошди, 11 та янги туризм маскани ишга туширилди. Сўнгги беш йилда хорижий сайёҳлар сони 10 карра кўпайди.
Хива шаҳридаги “Farovon Khiva Hotel” меҳмонхонасида Президентимиз иштирокида Хоразм вилоятидаги янги лойиҳаларни ишга тушириш ва истиқболли ташаббуслар қурилишига старт бериш маросими бўлиб ўтди.
– Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларимизнинг илк кунларидан янги иш ўринларини яратиш ва замонавий қувватларни ишга туширишни асосий йўналиш сифатида белгилаб олганмиз. Шу мақсадда Хоразм вилояти бўйича ҳам алоҳида дастур ва қарорларни тасдиқлаб, маблағини ҳам, масъулларини ҳам аниқ белгилаб, ишларни ташкил қиляпмиз, – деди давлатимиз раҳбари.
Агар 2016 йилда Хоразм вилоятига бор-йўғи 30 миллион доллар хорижий инвестиция жалб қилинган бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткич 2 миллиард доллардан ошмоқда.
Йил бошидан Урганч ва Хива шаҳарлари, Тупроққалъа ва Урганч туманларида кимё, машинасозлик, қурилиш материаллари ва туризм йўналишларида янги лойиҳалар учун зарур шароитлар яратилди. Саноат учун 195 гектар ер майдонининг тоифасини ўзгартириш, электр ва йўл инфратузилмасини яхшилаш учун 100 миллиард сўм маблағ ажратиш масалалари ҳал этилди.
Шунингдек, Мустақиллик байрами арафасида Урганч халқаро аэропортидан Хивагача электрлашган темир йўл линияси фойдаланишга топширилди. Урганч – Хива пуллик автомобиль йўли ҳам ишга туширилмоқда. Бу мамлакатимиздаги биринчи пуллик автомобиль йўли бўлади. У орқали Урганчдан Хивага етиб бориш вақти 45 дақиқадан 20 дақиқага қисқаради.
– Бу ишларимизнинг давоми сифатида бугун сизлар билан 176 миллион долларлик 12 та лойиҳани ишга туширамиз. Шунингдек, хорижий ҳамкорлар иштирокида барпо этиладиган 7 миллиард 424 миллион долларлик 15 та янги қувват қурилишига старт берамиз, – деди Президент.
Жумладан, Тупроққалъа туманида Бирлашган Араб Амирликларидаги ҳамкорлар билан умумий қиймати 6 миллиард долларлик экологик авиация ёқилғиси ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. Лойиҳага Хитойнинг “Sinopec” компанияси жалб этилган бўлиб, ер майдонини тайёрлаш ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ишлари бошланган.
Словакиялик ҳамкорлар билан 5 минг гектар қумли ерни ўзлаштириш ва 170 миллион долларлик биоэтанол ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш режалаштирилган. Ҳозирнинг ўзида 1,5 минг гектар майдонда амалий ишлар бошланган.
Урганч шаҳрида япониялик ҳамкорлар билан 30 миллион долларлик 250 ўринли меҳмонхона ва савдо-кўнгилочар мажмуаси барпо этилмоқда. Уни 2027 йилда тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган.
Саудиялик ҳамкор билан вилоят марказида замонавий қозонхона қурилиб, 183 та кўп қаватли уй ва 37 та ижтимоий объектни иссиқлик ва электр энергияси билан таъминлаш қувватлари яратилади. Туркиялик ҳамкорлар билан давлат-хусусий шериклик асосида офтальмология клиникаси ташкил этилади.
Урганч туманида кореялик инвесторлар иштирокида республикада илк бор чиқиндиларни ёпиқ цикл асосида қайта ишлаб, 71 мегаватт “яшил” энергия ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. Унга 100 миллион доллар инвестиция киритилади.
Шунингдек, Хива шаҳрига туташ 26 гектар майдонда 120 миллион долларлик “Саҳро юлдузи” замонавий туристик мажмуаси, Урганч туманида 26 миллион долларлик мис саноати кластери ва 60 миллион долларлик оптик толали кабеллар ишлаб чиқариш корхонаси барпо этилади.
Ал-Хоразмий шаҳарчасида 5 минг талабага мўлжалланган замонавий университет, меҳмонхона, дам олиш ва савдо мажмуалари, Урганч шаҳрида эса “Инвесторлар уйи” биноси қурилади.
Умуман, ушбу лойиҳалар натижасида 6,6 мингта янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари мазкур лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этаётган хорижий ҳамкорлар ва жамоатчилик вакилларига миннатдорлик билдирди.
Президент рамзий тугмани босиб, янги лойиҳаларни ишга туширди ва қурилиш ишларига старт берди. Инвесторлар ва фаоллар билан самимий мулоқот бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари Хива шаҳрида барпо этилиши режалаштирилган халқаро туристик шаҳарча лойиҳаси тақдимоти билан танишди.
Сўнгги йилларда Хоразм вилоятида туризм инфратузилмасини ривожлантириш, сайёҳларга замонавий хизматлар кўрсатиш ва уларнинг ҳудудда қолиш муддатини узайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Охирги тўққиз йилда вилоятда 280 та меҳмонхона ва меҳмон уйи қурилиб, меҳмонхона фонди 4 баробар ошди, 11 та янги туризм маскани ишга туширилди. Сўнгги беш йилда хорижий сайёҳлар сони 10 карра кўпайди.
Янги туристик шаҳарча тарихий мерос ва замонавий шаҳарсозлик ечимларини уйғунлаштирган ҳолда барпо этилади. Унинг меъморий концепциясини ишлаб чиқишда Хоразмнинг кўп асрлик шаҳарсозлик анъаналари, жумладан, 1511 йилда Хива хонлигининг илк пойтахти бўлган қадимий Вазир шаҳрининг тарихий тузилиши ва кўчалар тармоғи асос қилиб олинган.
Умумий майдони 12,3 гектар бўлган мажмуада меҳмонхоналар, тарихий ва замонавий экспонатлар намойиш этиладиган музей, миллий ва халқаро таомлар ресторанлари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари жойлашади.
Ҳудуднинг салмоқли қисми яшил майдонлар ва сайр йўлакларига ажратилади. Шаршарали фавворалар ва ички ариқлар ташкил этилади. Автотураргоҳларда қуёш панеллари ўрнатилган соябонлар барпо этилиши ҳам кўзда тутилган.
Таъкидланганидек, Хоразмда транспорт-логистика ва туризм инфратузилмаси изчил ривожланаётгани сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилмоқда. Шу нуқтаи назардан, замонавий туристик мажмуаларни кўпайтириш, хизматлар турини кенгайтириш ва сайёҳларнинг ҳудудда қолиш муддатини узайтириш муҳим аҳамиятга эга.
Янги шаҳарча Ичан-қалъага тушаётган туристик юкламани камайтириш, сайёҳлар учун янги йўналиш ва хизматларни таклиф этишга хизмат қилади. Лойиҳа доирасида минглаб янги иш ўринлари яратилиши, аҳоли учун автомобиллар ҳаракатидан холи яшил дам олиш ҳудудлари барпо этилиши кўзда тутилган.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Хива шаҳрида янги барпо этилган Конгресс-холл, уч юлдузли меҳмонхона ҳамда “Хива Ичан қалъа” қабуллар уйи фаолияти билан танишди.
Мазкур объектлар давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 30 апрелдаги тегишли ҳужжати асосида барпо этилди. Уларнинг ишга туширилиши натижасида қарийб 2 мингта янги иш ўрни яратиш, йилига 50 минг нафар сайёҳга меҳмонхона хизмати кўрсатиш ва хизматлар экспортини 4 миллион долларга етказиш мақсад қилинган.
Замонавий премиум услуб ва Хоразм миллий меъморчилиги элементлари уйғунлигида қурилган Конгресс-холл халқаро анжуманлар, бизнес-конференциялар, ҳукуматлараро музокаралар ва маданий форумларни ўтказиш учун мўлжалланган.
Умумий майдони 1,9 гектар бўлган мажмуани барпо этиш учун 857 миллиард сўм бюджет маблағлари йўналтирилган. Атрофида кенг яшил ҳудудлар ва хиёбонлар ташкил этилиб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ободонлаштириш ишлари амалга оширилган.
Конгресс-холлга туташ ҳудудда халқаро анжуманлар иштирокчилари ва сайёҳларга қулай шароит яратиш мақсадида уч юлдузли меҳмонхона ҳам қурилди. Қиймати 169 миллиард сўм, умумий майдони 1,6 гектар бўлган лойиҳа доирасида 60 та янги иш ўрни яратилган.
Тўрт қаватли меҳмонхонада 310 ўринга мўлжалланган 156 та хона, кенг вестибюль, ресепшн, ресторан-бар, болалар хонаси ва терраса мавжуд. Шунингдек, ёпиқ бассейн, фитнес ва веллнесс ҳудудларидан иборат соғломлаштириш зонаси ташкил этилган.
Меҳмонхонадан Конгресс-холл биносига, “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик боғи ва ҳунармандлар расталарига яшил сайр йўлаклари орқали бир неча дақиқада пиёда етиб бориш мумкин.
Давлатимиз раҳбари “Хива Ичан қалъа” қабуллар уйини ҳам кўздан кечирди. Умумий майдони 2 гектар бўлган мазкур мажмуа расмий тадбирлар ўтказиш ва хорижий делегацияларни қабул қилишга мўлжалланган. Лойиҳа қиймати 260 миллиард сўмни ташкил этади.
Бино меъморчилигида Хоразмга хос маҳобатли ёғоч ўймакорлиги устунлари, ганчкорлик санъати, кўк ва фируза рангли кошинлардан кенг фойдаланилган. Қабуллар уйи атрофида воҳанинг бой тарихини акс эттирувчи фотокўргазмалар ва миллий ҳунармандчилик устахоналари фаолияти йўлга қўйилган.
Шу ернинг ўзида давлатимиз раҳбари Хоразм вилояти жамоатчилиги вакиллари билан самимий мулоқот қилди. Суҳбатда кейинги йилларда воҳада рўй бераётган улкан ўзгаришлар, одамларнинг турмуш тарзи ва тафаккуридаги янгиланишлар ҳақида сўз борди. Қадимий Хоразм заминида Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлик, тараққиёт ва янгиланиш руҳи тобора яққол намоён бўлаётгани таъкидланди. Вилоятнинг бой тарихи ва анъаналарини асраб-авайлаган ҳолда уни замонавий, обод ва фаровон ҳудудга айлантириш йўлидаги ишлар изчил давом эттирилиши қайд этилди.
Президент ушбу мажмуалардан самарали фойдаланиш, Хивада йирик халқаро тадбирларни кўпайтириш, сайёҳларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича кўрсатмалар берди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи давом этмоқда.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Аҳмаджон ШОКИРОВ,
ЎзА махсус мухбирлари