Хоразмлик сувчилар учун семинар
Хоразм вилояти Гурлан, Янгибозор ва Янгиариқ туманларида сув хўжалиги ходимлари учун кўргазмали семинарлар ташкил этилди.
Оролбўйи минтақасига кирувчи Хоразм воҳаси юртимизнинг бошқа ҳудудларидан фарқли ўлароқ йил давомида экин майдонларини суғоришдан ташқари шўр ювиш даври ҳам бор. Шу сабабдан каналлардан фойдаланиш даври ҳам кўпроқ, яъни каналларда сув узоқ вақт оқади. Шу сабабдан сув йўқотишларни камайтириш ва тез оқишини таъминлашда каналларни бетонлаштириш муҳимдир. Бироқ, бетонлаштиришга куз ва баҳор мавсумида кам вақт қолади.
Қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда йўқотишларни камайтириш мақсадида Хоразм вилоятида сўнгги уч йил давомида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, 3 минг 700 километрдан ортиқ ички ариқлар, 67 километр хўжаликлараро ва магистрал каналлар бетонлаштирилди.
Шунингдек, замонавий энергия тежамкор насослар ўрнатилиб, насос агрегатларига қуёш панеллари жойлаштирилди. Бу чора-тадбирлар натижасида 2025 йилда жами 800 миллион куб метр сув тежалиши, 135 миллиард сўм маблағ иқтисод қилиниши кутилмоқда. Натижада тармоқнинг иқтисодий самарадорлиги 10–15 фоизга ошиши таъминланади.
[gallery-27626]
Мазкур ташаббуслар Президентимиз томонидан юксак баҳоланиб, “Хоразм тажрибаси” бугунги кунда бутун республика миқёсида кенг оммалаштирилмоқда.
– Вилоятимиздаги сув олувчи майдонларга хизмат кўрсатувчи 2 минг 240 километр суғориш тармоқлари мавжуд, – дейди “Чапқирғоқ Амударё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жўрабек Жуманиёзов. – Ўтган йил давомида жами 533 километр канал бетонлаштирилди. Жумладан, “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси балансидаги 200 километр, шунингдек, фермер хўжаликлари ва кластерларга қарашли 1600 километрдан ортиқ каналларда бетонлаштириш ишлари амалга оширилди. Жорий йилда ҳам ушбу ишлар изчил давом эттирилиб, яна 52 километр хўжаликлараро ва магистрал каналларни бетонлаштириш режалаштирилган. Бетонлаштириш ишларини сифатли ва қисқа муддатларда бажариш мақсадида 30 дан ортиқ махсус техника ва қарийб 400 нафар ишчи жалб этилган.
Семинарда ерларни лазерли текислаш, дискретли, ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш кўргазмалари ташкил этилди. Сув тежовчи технологиялар намойиш этилди.
Гурлан ва Янгибозор туманида олиб борилаётган ички ариқларни бетонлаштириш ишлари намуна тарзида кўрсатилди.
Семинарнинг учинчи қисми Янгиариқ туманида давом этди. Унда вилоят сув хўжалиги тизими ташкилотлари тасарруфидаги сув ҳавзалари атрофидаги ер майдонларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, ёрдамчи хўжаликлар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидландики, бугунги кунда “Чапқирғоқ Амударё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тизимида 600дан ортиқ насос станциялари мавжуд бўлиб, уларнинг 100дан ортиғи бино билан таъминланган. Ана шу станциялардаги бўш ер майдонлари ва сув бўйларида чорва, қўй, парранда, қуён ва асалари боқишнинг имкони бўлиб, ёрдамчи хўжаликларни ташкил этиш мумкин.
Тадбирда ёрдамчи хўжаликларининг фойдали жиҳатларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Бу борада Янгиариқ туманидаги “Жирмиз” насос станцияси ёрдамчи хўжалиги намуна бўлади.
– Насос станцияда тўрт нафар ходим хизмат қилади, – дейди “Чапқирғоқ Амударё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғи Орифжон Тохиров. – Ёрдамчи хўжалигимизда 5 та қорамол, 30 та қўй, 10 та эчки, 60 бош қуён, 60 та ўрдак, 60 та товуқ ва икки яшик асалари боқилмоқда. Шу ерда етиштириладиган тухум, асал, балиқ, гўшт ва сут, мева ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишчи-ходимлар эҳтиёжи учун сарфланади. Ортиқчаси эса бозор расталарига олиб чиқилади. Амалга оширилаётган бу каби ишлардан кўзланган асосий мақсад эса ишчи ходимларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлашдан иборат.
Барча ҳудудларда ўтказилаётган тадбирларда иқлим ўзгариши оқибатида сув манбалари йил сайин камайиб бораётгани алоҳида таъкидланмоқда. Шу муносабат билан ҳар йили миллиардлаб маблағ йўналтирилаётган сув хўжалиги тизимида ҳисоб-китоб ишларини тўғри йўлга қўйиш, сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш муҳим вазифа экани қайд этилди. Шунингдек, ташкил этиладиган ёрдамчи хўжаликлар тизим ходимлари учун қўшимча даромад манбаи бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (Сурат), ЎзА мухбирлари