Хоразмлик аёллар пойтахтимиз бўйлаб саёҳатда бўлди
Мамлакатимизда олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар юртдошларимиз турмуши фаровонлигини янада яхшилаш учун хизмат қилмоқда.
Айниқса, хотин-қизлар саломатлиги йўлида қилинаётган ишлар алоҳида эътирофга лойиқ.
“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар мунтазам қўллаб-қувватланмоқда. Айни кунларда вилоятлардан ана шу дафтарга киритилган хотин-қизлар Тошкентнинг диққатга сазовор масканларини зиёрат қилмоқда.
Жумладан, хоразмлик бир гуруҳ боқувчисини йўқотган, кам таъминланган ва ногиронлиги бор хотин-қизлар учун Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги вилоят бошқармаси ва вилоят ҳокимлиги томонидан Тошкент шаҳри бўйлаб саёҳат уюштирилди.
- Тошкентга уюштирилган ушбу зиёратимиз «Аёли эъзозлаган юрт» шиори остида ўтказилмоқда, – дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Хоразм вилояти бошқармаси бош мутахассиси Мақсуда Аҳмедова. – “Аёллар дафтари”га киритилган 50 нафар хотин-қиз Тошкентнинг тарихий жойларини зиёрат қилмоқда. Замонавий сайлгоҳлар ва боғларда ҳордиқ чиқармоқда. Уларнинг оз бўлса-да кайфиятини кўтариш мақсадида концертлар, маърифий тадбирлар уюштиряпмиз. Аввало, бу билан чекланмоқчи эмасмиз. Зиёратдан қайтгандан сўнг хотин-қизларни ўзини ўзи иш билан таъминлашлари учун кам фоизли киридитлар олиб бериш ва тикувчилик цехларига ишга жойлаш ишлари давом этади.
– Маҳалла томонидан доим оиламизга ёрдам бериб келинади, – дейди фуқаро Гулшода Матназарова. – Юртимизда карантин кучайган вақтда синовли даврларни бошдан кечирдик. Бунда ҳукуматимиз томонидан моддий рағбатлантирилдик. Маҳалла томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб турилди. Ёлғиз онаман. Фарзандларимни ўқитдим, турмушга бердим. Тошкентга аввал ҳам келганман. Турмуш, рўзғор ташвишларидан ортиб пойтахтда саёҳат қилишга, қадимий жойларини зиёрат қилишга имкон топа олмаганман. Ташкилотчиларга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Юртимизда ҳақиқатдан ҳам аёллар эъзозланмоқда. Мен буни ўзим мисолимда гувоҳи бўлдим.
«Аёли эъзозланган юрт» шиори остида ўтказилган тадбир доирасида хоразмлик меҳмонлар пойтахтнинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилиб, Хоразмга ўзгача кайфиятда йўл олди.
Д.Маматова, ЎзА