Хоразмда янги ҳарбий объект тантанали очилди
Хоразм вилоятининг Тупроққалъа туманида жойлашган ва Ҳаво ҳужумидан мудофаа ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли ҳарбий қисмда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Янгича қиёфа касб этган ҳарбий қисмнинг тантанали очилиш маросимида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов, Хоразм вилояти ҳокимининг ўринбосари Маҳмуджон Умурзоқов, туман оқсоқоллари ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этди.
Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати ЎзАга хабар берди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида мана шундай обод масканлар бунёд этилиб, ҳарбий хизматчилар ва оила аъзоларига замонавий, қулай шарт-шароитлар муҳайё этилаётганини эътироф этди.
Дарвоқе, энг олис ҳудудда жойлашган ушбу ҳарбий қисмда қисқа вақт ичида давр талабига мос бунёдкорлик ишлари амалга оширилган бўлиб, натижада ҳарбий объект кўркам қиёфа касб этди.
Жумладан, ҳарбий қисмнинг маъмурий биноси, ҳарбий хизматчиларнинг оилалари билан истиқомат қилаётган ётоқхоналар, сунъий қопламага эга бўлган спорт ҳамда саф майдонлари, назорат ўтиш жойи, ҳарбий техникаларни сақлаш парки, болалар учун ўйингоҳ, спорт зали ҳамда техник ҳудудда капитал қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Ҳарбий қисм ҳудуди ободонлаштирилиб, кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди.
Тадбир давомида қурилиш ишларига масъул бўлган ташкилот раҳбарига Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги номидан миннатдорлик билдирилди.
Шундан сўнг меҳмонлар ҳарбий қисм ҳудудида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишиб, ҳудуд бўйлаб саёҳат қилишди.