Хоразмда соғлиқни сақлаш соҳаси таҳлил ва танқид қилинди
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Отабек Имамов раҳбарлигида Хоразм вилоятидаги даволаш-профилактика муассасаларида тиббий ёрдам кўрсатиш сифати ва хавфсизлиги ҳолатини ўрганиш натижаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Клиник аудит инспекцияси томонидан вилоятдаги даволаш-профилактика муассасаларида олиб борилган ўрганишлар жараёнида тиббий ёрдамни ташкил этиш, беморларни қабул қилиш ва даволаш, клиник протокол ва стандартларга риоя қилиш, тиббий ҳужжатларни юритиш ҳамда ички аудит тизими фаолияти атрофлича таҳлил қилинди.

Таҳлиллар натижасида айрим даволаш-профилактика муассасаларида ижобий ишлар амалга оширилган бўлса-да, эътибор қаратилиши лозим бўлган тизимли масалалар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

Жумладан, тиббий ҳужжатларни юритиш, ташхис ва даволашда клиник протоколларга тўлиқ риоя этиш, лаборатор ва инструментал текширувларни тайинлаш ҳамда ички аудит ишларини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилиш якунида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича ҳар бир муассаса кесимида аниқ чора-тадбирлар режасини тузиш, масъул шахслар ва муддатларни белгилаш, ходимларнинг малакасини ошириш ҳамда ижро назоратини қатъий таъминлаш бўйича масъулларга топшириқлар берди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА