Хоразмда сайёр қабуллар
Кейинги йилларда фуқароларни қийнаётган муаммоларни бевосита жойида ўрганиш, аҳоли мурожаатларни қисқа муддатда кўриб чиқиб, қонуний амалий ёрдам кўрсатиш, уларга ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришларни ўз вақтида бериш мақсадида мутасаддиларнинг жойларга чиқиб сайёр қабуллар ўтказиши одатий ҳолга айланди. Жумладан, Хоразм вилоятининг турли ҳудудларида ҳам шу кунларда мутасаддиларнинг аҳоли, тадбиркорлар ва турли соҳа вакиллари билан жойлардаги учрашувлари давом этмоқда.
Хоразм вилоят прокурори Муроджон Аҳмедовнинг навбатдаги сайёр қабули тегишли масъуллар иштирокида Ҳазорасп туманида бўлиб ўтди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган қабул давомида 56 нафар фуқаронинг меҳнат низолари, терговга қадар текширув ҳаракатлари, суд ва маъмурий органларнинг қарорлари қонунийлиги, ижро ва бошқа турли масалалардаги мурожаатлари тингланди.

Ўрганиш учун муддат талаб қилинадиган мурожаатларни ҳал қилишга масъуллар бириктирилиб, ижроси назоратга олинди.
***
Хива шаҳрида вилоятнинг бош солиқчиси Шуҳрат Саидов тадбиркорлар билан учрашди.
Унда давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифалар, шунингдек, тегишли фармонларида назарда тутилган чора-тадбирларнинг мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилди.

Мулоқотлар давомида кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишга 3 йил муддатга мораторий жорий этилгани, солиқ текширувларини ўтказиш тартиби, кичик ва ўрта бизнес учун иқтисодий амнистия ҳамда тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бошқа енгилликлар ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, тадбиркорларнинг саволлари тингланиб, уларни қизиқтирган масалалар юзасидан тегишли тушунтиришлар берилди.
***
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси раҳбарияти эса Хоразмдаги мурожаатчи фуқароларни онлайн қабул қилди.

Унда жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг муаммо ва таклифлари видеоконференция орқали тингланиб, уларнинг ечимлари бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.

***
Урганч шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг Хоразм вилоят ҳудудий назорат қилиш инспекцияси раҳбари Шерзод Отаевнинг сайёр қабули давомида 15 нафардан ортиқ фуқаронинг қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасига оид мурожаатлари, таклиф ва муаммолари тингланди.

Мурожаатларда кўтарилган масалалар юзасидан фуқароларга тегишли тушунтиришлар берилиб, муаммоларни ҳал этиш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.
***
Шовот туманида очиқ ҳаво ва дала бўйида ташкил этилган мулоқотда фермер хўжаликлари раҳбарларининг мурожаатлари, таклиф ва муаммолари батафсил ўрганилди.

Сайёр қабул давомида фермерлар билан очиқ мулоқот қилиниб, ер-сув ва бошқа масалалари, хўжалик фаолиятида учраётган муаммолар ва бошқа долзарб масалалар масъул идоралар ва мутасаддилар билан биргаликда муҳокама қилиниб, мавжуд имкониятлардан келиб чиққан ҳолда уларнинг ечимлари белгилаб олинди ва амалий ёрдам, маслаҳатлар берилди.
А.Шокиров, ЎзА