Хоразмда мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти ўрганилмоқда
Айни кунларда Хоразм вилоятидаги давлат мактабгача таълим ташкилотлари, мобил гуруҳлар ҳамда Илк ривожланиш марказлари фаолияти Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан комплекс ўрганилмоқда.
Ўрганишлар давомида таълим-тарбия жараёнининг сифати, болалар учун яратилган шарт-шароитлар, ривожлантирувчи таълим муҳити, педагогларнинг касбий фаолияти, тарбияланувчиларни сифатли мактаб таълимига тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳамда амалдаги талаблар ижроси атрофлича таҳлил қилинмоқда.

Шунингдек, ташкилотларда мавжуд муаммо ва камчиликларни аниқлаш, уларни бартараф этиш юзасидан амалий тавсиялар ишлаб чиқиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда мактабгача таълим хизматлари сифатини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Таъкидланишича, мазкур ўрганишлар 15 августга қадар давом этади.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири