Хоразмда Ляонинг педагогика университетининг Ўзбекистондаги филиали ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистонда Хитой Халқ Республикасининг Ляонинг педагогика университети филиалини ташкил этиш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, хорижий дастурлар асосида иқтисодиёт тармоқлари учун рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, таълим сифатини ошириш, соҳага илғор таълим технологияларини жорий қилиш, замонавий билим ва педагогик технологияларни қўллаш кўникмаларига эга бўлган юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида Хитой Халқ Республикаси тажрибаси асосида иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш, қўшма илмий тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда профессор-ўқитувчилар ва соҳа мутахассислари салоҳиятини ривожлантириб бориш тизими йўлга қўйилади.
Қарор билан Хоразмда Хитой Халқ Республикаси Ляонинг педагогика университетининг Ўзбекистондаги филиали ташкил этилади.
Филиал Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Урганч давлат университети ва Университет муассислигидаги олий таълим ташкилоти - юридик шахс мақомига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳисобланади.
Филиал академик мустақил олий таълим ташкилоти ҳисобланади.
Таълим жараёни 2026/2027 ўқув йилидан бошланади ҳамда кундузги ва муқобил таълим шаклларида ўзбек, хитой ёки инглиз тилларида олиб борилади.
Молиявий-хўжалик, ташкилий ва маъмурий фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш учун масъул бўлган Филиал ижрочи директори Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан лавозимга тайинланади.
Филиалда таълим жараёни давлат гранти ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Бунда:
2030/2031 ўқув йилига қадар ўқишга қабул қилинган талабалар ўқишнинг бутун даври давомида тўлиқ давлат гранти асосида ўқитилади;
2030/2031 ўқув йилидан бошлаб белгиланган тартибда тасдиқланадиган йиллик қабул параметрларининг 30 фоизи давлат гранти асосида шакллантирилади.
Филиал битирувчиларига олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Филиал ва (ёки) Университет дилломи берилади.
Филиал талабаларининг амалиётлари ўқув режаларига мувофиқ ҳудуддаги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхона (ташкилот)ларида, жумладан, дуал таълим асосида йўлга қўйилади.
Ляонинг педагогика университетининг Ўзбекистондаги филиалига академик ҳамкор сифатида маҳаллий олий таълим ташкилотлари бириктирилади.
Академик ҳамкор олий таълим ташкилотлари:
а) Филиални юқори малакали педагог кадрлар ҳамда ўқув адабиётлари билан таъминлашга кўмаклашади;
б) Филиал дастурлари асосида 2027/2028 ўқув йили учун ўзининг тегишли бакалавриат таълим йўналишлари фан дастурларини такомиллаштиради;
в) 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб Филиал билан ҳамкорликда талабалар ва педагог кадрларнинг ўзаро академик мобиллигини босқичма-босқич амалга оширади;
г) Филиал билан биргаликда тегишли ҳамкорлик йўналишлари бўйича қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш чораларини кўради.
ЎзА