Хоразмда “Хавфсиз кибермакон ойлиги” давом этмоқда
Хоразм вилояти ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси томонидан “Хавфсиз кибермакон ойлиги” бошланиши муносабати билан ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани ўтказилди.
Матбуот анжуманида мутахассислар томонидан вилоятда кибержиноятчиликнинг бугунги ҳолати, унинг асосий турлари ва олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, кибержиноятчилар томонидан қўлланилаётган янги усуллар фуқароларни алдаш орқали шахсий маълумотлар ва банк карта маълумотларни қўлга киритиш ҳолатларига алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-30730]
– Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида вилоятда 1800 та кибержиноятлар ҳақида фуқаролардан мурожаатлар келиб тушган бўлиб, етказилган зарар миқдори қарийб 10 миллиард сўмни ташкил этади, – дейди Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи Алишер Отажонов. – Кибер жиноятларни аниқлаш ва олдини олиш борасида олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида 3 миллиард сўм “ўмарилган” пул маблағлари ўз эгаларига қайтарилди. Бу борадаги ишларимиз туну кун давом этмоқда.
Тадбирда фуқароларнинг киберфирибгарлик қурбонига айланмаслиги учун шубҳали ҳаволаларни очмаслик, сохта онлайн таклифларга ишонмаслик, банк картаси реквизитлари, СМС орқали келадиган тасдиқлаш кодлари ва бошқа шахсий маълумотларни бегона шахсларга бермаслик юзасидан тавсиялар берилди.
Анжуман давомида журналист ва блогерлар ўз саволларига мутахассислар томонидан жавоб олди. Маълумот ўрнида, “Хавфсиз кибермакон ойлиги” шу ойнинг биринчи санасидан ўттиз биринчи санасигача давом этади.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА мухбирлари